Қадимги масжид, мадраса ва синагогларда алкогол савдосига йўл қўйилмайди
Ўзбекистонда маданий-мерос объектларини ижарага бериш тартиби ўзгаради. Бу ҳақда Маданий мерос департаменти бошлиғи ўринбосари Хасан Холмуродов хабар бериб ўтди.
«Эндиликда, қадимги масжид, мадраса ва синагогларни ижарага беришда диний қўмита томонидан хулоса олинади. Бундай объектларда кафе, ресторан ва меҳмонхона бўлишига йўл қўйилмайди.
Диний қўмита билан келишилган ҳолда тарихий ибодат масканлари асосан ҳунармандларга ижарага берилади. Масжид ва мадрасаларда спиртли ичимликлар сотилиши ҳолати кузатилаётган бўлса, унинг ижараси тўхтатилади.
Баъзи объектларда шундай бўлганки, бир шахс томонидан ижарага олиниб, бошқа мақсадда бошқасига қайта ижарага берилган. Бир қатор объектлар ижарасидан Маданият вазирлиги ҳам бехабар бўлган.
Бу борада аниқ қонун ва қарорлар қабул қилинди. Энди биз буни оммага етказишимиз керак.
Шу вақтга қадар ижарага берилган объектлар масаласида иш олиб борилади. Бу ўринда тадбиркорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам инобатга олиш лозим. У билан бир йиллик шартнома имзоланган. Ёки инвестиция киритиш шарти билан беш йиллик муддат белгиланган бўлиши мумкин.
Бу муддат якунига етганга қадар кутишга тўғри келади», — дейди Хасан Холмуродов.
«Бу жуда долзарб масала. Ўзимизга қолса бундай ижарачиларни ҳозирнинг ўзида тарихий бинодан чиқариб юборган бўлардик. Аммо тадбиркор ҳам судга бериши ва жараён чўзилиши мумкин», — дейди Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter