Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Усмон Қуръони факсимилеси, Ислом Каримов совғаси, Амир Темурнинг Франция қиролига мактуби... 

Усмон Қуръони факсимилеси, Ислом Каримов совғаси, Амир Темурнинг Франция қиролига мактуби... 

Усмон Қуръони. (Факсимиле) Санкт-Петербург, 1905 й.

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» Тошкент музейлари фаолияти, экспонатлари ҳақида мақола ва фотолар бериб боришни давом эттиради. «Музейга борамиз» лойиҳасининг навбатдаги саёҳати Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб ўтади.

Музей 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. Номидан ҳам кўриниб турганидек, музейнинг асосий мақсади Амир Темур ва темурийлар тарихи, шажарасини ўрганиш, темурийлар даврида илм-фан, маориф ва маданиятни акс эттиришдир.

Манзил: Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 1-уй, Амир Темур хиёбони ёнида.

Кириш пулли: 10 минг сўм; ўқувчи ва талабалар учун чегирмали нархлар белгиланган. Нафақа ёшидагилар, етти ёшгача бўлган болалар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва имконияти чекланганлар учун бепул.

Экскурция хизмати: Ўзбекистон фуқаролари учун 15 минг сўм.

Иш вақти: Сешанба – якшанба 10:00 дан 18:00 гача.

Касса иш вақти: 10:00 дан 17:00 гача.

Дам олиш куни: Душанба.

Тўлиқ айланиш учун: 30 дақиқадан 2 соатгача вақт сарфланади.

Музей фондининг асосий қисми Амир Темур ва темурийлар даврига оид қўлёзма асарлар, ёзишмалар, тангаларнинг асл нусхалари, саркарда ва аскарлар кийимлари, сопол ва мис буюмлар, меъморий безак қопламалари, юртимиз рассомлари асарлари каби экспонатлардан иборат. Музей биноси ўрта аср меъморлиги анъаналари асосида томи гумбазли қилиб қурилган. Оқ айлана бино, кўк гумбаз, темир устунлар ва нақшинкор ёғоч эшиклари билан бу бино Тошкент шаҳри рамзларидан бири ҳамдир.

– Ҳозирда 2 мингдан ортиқ экспонатлар музей экзпозициясига қўйилган, бу экпонатларни томоша қилиш учун ҳар йили 200 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюради – дейди экскурсаводлар бўлими бошлиғи Дилноза Азизова.

– Музейга кўпроқ қайси ёшдагилар келади?

– Ҳар хил, етти ёшдан етмиш ёшгача меҳмонларимиз бор. Хорижликлар айниқса кўп қизиқиш билдиради. Ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари мактаб ўқувчилари учун музейга кириш бепул қилиб белгиланган. Шу кунларда ўқувчилар кўп келади.

 – Меҳмонларни қайси экспонатлар кўпроқ ўзига тортади?

– Хорижлик меҳмонлар учун Амир Темур шажараси, қўлёзма асарлар, Амир Темур давлати харитаси қизиқ бўлса, мактаб ўқувчилари саркардалар кийими, қурол-яроғ, тангаларни кўпроқ томоша қилишади. Катта ёшли юртдошларимизни Усмон Қуръони факсимилеси, европалик усталар томонидан чизилган Амир Темур суратлари нусхаси, темурийлар даврига доир заргарлик буюмлари, музей кўргазма залининг марказидаги деворий тасвир қизиқтиради. Музейни бир марта айланиб, кейин қайта синчиклаб томоша қиладиган меҳмонларимиз ҳам бор.

– Музей экспонатлари қандай йиғилган?

– Экспонатлар асосан Ўзбекистон вилоятларидаги музейлардан, хориждаги йирик музейларда сақланаётган темурийлар тарихига оид ноёб экспонатлардан нусха олиш, шунингдек, музейга қилинган совғалар асосида тўпланган.

– Кўргазма зал марказидаги қандилни икки тоннадан ошиқ деб эшитгандим, шу ростми?

 – «Зумрад» қандил кўпчилик меҳмонларнинг эътиборини тортади. Ҳақиқатдан ҳам унинг оғирлиги 2,7 тонна.

Маълумот учун: Кўргазма залининг марказидаги деворий тасвирда «Буюк Соҳибқирон — буюк бунёдкор» номли уч қисмдан иборат асар ўрин олган. Биринчи қисмда Соҳибқироннинг туғилиши билан боғлиқ афсона рамзий тасвирланган. Иккинчи — «Юксалиш» қисмида «Рости — расти» («Тўғрилик нажотдир») деган шиор олтин ҳарфлар билан битилган. Бу қисмнинг марказида тахтда ўтирган Соҳибқироннинг вазир, уламо, ҳарбий аъёнлар даврасидаги машварати акс этган. Пастроқда эса Соҳибқироннинг набира ва абиралари Темур тузукларини мутолаа қилаётгани ва Амир Темур яратган меъморий обидалар тасвирланган. Учинчиси — «Фахрланиш» бўлимида мероснинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётганлик ғояси акс этган.

Дам олиш кунлари учун режангиз бўлмаса, Темурийлар тарихи давлат музейида меҳмон бўлинг. Анъанага кўра, бу йил ҳам 9 апрель – Соҳибқирон таваллуди куни муносабати билан очиқ эшиклар куни ўтказилади ва шу куни музейга кириш бепул.

Дилроз Абраева  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг