Уйчи ҳокимияти мансабдорларига жиноий иш очилди
Наманган вилояти Уйчи туманидаги археологик ёдгорликка ҳокимлик қарори билан катта зарар етказилган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берган.
Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси ушбу ҳолатни ўрганиб, тўпланган ҳужжатларни Наманган вилояти прокуратурасига юборган.
Аниқланишича, Уйчи тумани, Пастгузар МФЙ, Беруний кўчасида жойлашган «Уйчи манзилгоҳи (БТ-3)» объекти археологик ёдгорлик бўлишига қарамай, туман ҳокимининг 2019 йил 6 апрелдаги 1473-сонли қарорига асосан фуқаро Т. Д.га тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ноқонуний тарзда бериб юборилган.
Ушбу объект Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сон қарорига асосан маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинганига қарамай, унга катта зарар етказилган.
Лекин алоҳида қайд этиш керак, ҳоким қарори апрелда чиққан, объект эса октябрда, яъни 6 ойдан кейин маданий мерос рўйхатига киритилган.
Наманган вилоят прокуратураси ва ДХХ томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра ўтган вақт мобайнида МЧЖ томонидан ёдгорлик ҳудудининг 21 сотих қисмида оғир техника ёрдамида суриш ва қазиш ишлари олиб борилган. Оқибатда археология объектига 3,9 миллиард сўм миқдоридаги зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси тўплаган ҳужжатлар асосида Наманган вилояти прокуратураси томонидан Уйчи туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ҳамда МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter