Зулфиқор Мусоқов: «Давлатнинг ёрдамисиз кино ўлади»
Кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов «Кино санъати» журналига интервью берди. Ушбу суҳбатда ижодкор кино санъати ва ундан иқтисодий фойда олиш хусусида ҳам гапириб ўтган.
– Қанча муҳокама қилмайлик, жаҳонга чиқишнинг бор-йўғи биттагина йўли бор: одам кўрадиган» кино олсак бўлди. Масалан, яхши китобни ўқиганингиздан кейин уни бир ой ўтиб яна қўлингизга олганингиз каби яхши кинони ҳам қайта томоша қилишга эҳтиёж сезасиз. Ўтган ойда Адиз Ражабов Японияда бўлиб қайтди. Унинг айтишича, «Абдуллажон» фильми Японияда ҳамон сотилаётган экан. Японииялик кино ишқибозлари фильмнинг дискини 20 доллардан сотиб олишяпти. Бизда эса киноларимизнинг сотуви ҳавас қиларли аҳволда эмас.
Картинани томошабинларга кўрсатишнинг турли йўлларидан фойдаланишимиз керак. Яқинда кинотарғиботчилар ташаббуси билан 8 та вилоятда бўлдик, жумладан, Ғаллаоролда, Бўкада аҳоли билан ижодий мулоқот қилдик. Халқ кино томоша қилишга, киноижодкорлар билан яқиндан учрашишга ташналигини кўриб хурсанд бўлиб кетдим. Биз фильмни текинга қўйиб бердик. Томошабинларнинг кинодан таъсирланиб йиғлаганларини кўрсангиз эди... Ижодий фаолиятим давомида 23 та фильм суратга олган бўлсам, бор-йўғи иккитасигина фойда келтирган, холос. «Осмондаги болалар 1» тўққиз ярим ой, «Осмондаги болалар 2» асарим олти ярим ой кинотеарда қўйилган. Очиғини айтсам, бу – умуман кутилмаган нарса.
Агар кино юз фоиз келтирадиган соҳа бўлганда ҳамма ўзини кинога урган бўларди. Доимий фойда келтирадиган ҳунар иккита: новвойлик билан гўрковлик. Нон ҳамиша эҳтиёжимиз учун зарур, ҳамма одам бир кун ўлади. Муҳими, содда, самимий, одамларнинг қалбидан жой оладиган оддий фильм қилиш керак, тамом.
Муаммоларимизни санайверсак, анча гапиришга тўғри келади. Мана, масалан, актёрларимизга тўланадиган ҳақ ниҳоятда кам. Бир актёр учун кунига тўланадиган 175 минг сўм ҳақ – тарихда қоладиган роллар учун ниҳоятда арзимас нарх. Кино учун умрини бағишлашга тайёр актёрларимиз борлигига шукур. Улар кам маошга ҳам рози бўлишади. Режиссёрлар, операторлар, бастакорлар ишсиз юришса, уларга маош тўланмайди. Масалан, телеоператорлар телевидениеда ҳеч ким кўрмайдиган кўрсатув тайёрлашса ҳам яхшигина маош олишади. Кинода ишлайдиган операторлар эса кино бўлмаса маошсиз қолишади.
Давлатнинг ёрдамисиз кино ўлади. Бу – аксиома. Дунёда фақат учта мамлакатдагина кино давлат ёрдамига муҳтож эмас: АҚШ, Ҳиндистон ва Нигерия. Танганинг иккинчи томони ҳам бор: давлат берган маблағга арзийдиган яхши асар яратиш лозим. Бу киноижодкор учун – виждон иши.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter