20 турдаги мусобақада ўрин олган спортчиларга стипендия берилади – лойиҳа
20 турдаги мусобақада ўрин олган спортчиларга стипендия бериш ҳақида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг буйруғи тайёрланяпти.
Унга кўра, келгусида Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистоннинг спорт терма жамоалари асосий ёки захира таркибига киритилган ҳамда тегишли мезонларга мос келувчи спортчиларга ҳар ойлик тўлов шаклида стипендия тайинланади.
Қайд этилишича, масъуллар ҳар чорак биринчи ойининг 5-санасига қадар тегишли мезонлар асосида спорт терма жамоалари таркибидаги спортчилардан стипендияга номзодлар рўйхатини тузади ва Стипендия комиссиясига тақдим қилади.
Стипендиялар стипендия тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ойдан бошлаб, бир йил муддатга, меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари миқдорида тайинланади.
Шунингдек, стипендияни тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ харажатлар, 2023 йил октябрь ойидан бошлаб, «спортчи» лавозими учун белгиланган иш ҳақи, терма жамоалар ва уларнинг захираси, спортчилар энергия сарфини қоплаш ва жисмоний ресурсларини тиклаш учун ажратиладиган мақсадли тўловларни мақбуллаштириш ҳисобидан қопланади.
2024 йилдан бошлаб эса мазкур харажатлар Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Вазирликнинг харажатлари сметасида назарда тутилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур стипендия Олимпия ва Паралимпия ўйинларида совриндор бўлганлиги учун умрбод ойлик тўловлар тайинланган спортчилар ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси маблағлари ҳисобидан стипендия кўринишида ҳар ойда тўланадиган тўловлар тайинланган спортчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter