39 та давлатдаги ўзбекистонликлар учун референдум участкалари тузилди
Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари тузилди.
Бу ҳақда бугун, 27 март куни Марказий сайлов комиссияси биносида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисда маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йил 25 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг тегишли хатига асосан Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари тузиш тўғрисидаги тақдимномаси Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган.
Шунга асосан, ТИВ томонидан Ўзбекистоннинг 39 та давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкаларини тузиш таклиф этилган.
Жумладан, АҚШ, БАА, Германия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони ва ТУркия каби давлатларда 2 тадан, Қозоғистон ва Хитойда 3 тадан ҳамда Россияда 7 тадан референдум участкаларини тузиш таклиф қилинган.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ТИВ таклифини қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ деб топилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган референдум участкалари 14-Тошкент шаҳар референдум округига бириктирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter