«Uzbekistan Airways» 5 кунлик сукутдан сўнг автобус ва самолёт тўқнашув ҳақида хабар берди
17 ноябр куни «Aviaspotter» телеграм-канали Тошкент аэропортида хизмат кўрсатувчи автобус Airbus A320 самолёти билан тўқнашиб кетиб, ҳаво транспортининг бурун қисмига зарар етказгани ҳақида хабар берганди. «Tashkent_Land» телеграм канали эса самолётнинг тўқнашувдан кейинги ҳолати акс этган суратни эълон қилганди.
Бироқ шу кунга қадар «Uzbekistan Airports» ҳам, «Uzbekistan Airways» ҳам рўй берган ҳодиса хусусида ҳеч қандай расмий маълумот бермай келаётганди. Ниҳоят расмийлар 5 кунлик сукутни бузиб, ҳодиса тафсилотларини очиқлашди.
Қайд этилишича, 17 ноябр куни Тошкент халқаро аэропортида HY054 Урганч – Тошкент рейсини бажарганидан сўнг «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси мутахассислари Airbus 320 (рўйхатдан ўтиш рақами UK32022) ҳаво кемасини навбатдаги рейсни амалга ошириш учун тайёрлаётганда аэропорт автобуси ҳайдовчиси аэродром ҳудудида ҳаракатланиш қоидаларини бузган ҳолда ҳаво кемаси билан тўқнашган. Натижада самолётнинг агрегатлари ҳаракатланаётганда ҳаво қаршилигини камайтиришга ёрдам берадиган қисми (носовой обтекател) шикастланган.
«Uzbekistan Airways Technics» мутахассислари ҳаво кемасининг шикастланган қисмини алмаштиришган. 18 ноябр куни ҳаво кемасига парвозларга рухсат берилган. Соат 14:30 да Airbus A320Neo жадвалга мувофиқ парвозларни амалга оширишни бошлаган.
«Uzbekistan Airways» авиакомпания учун йўловчилар хавфсизлиги юқори ўринда туришини эслатиб ўтган, бироқ нима учун рўй берган воқеа ҳақида орадан 5 кун ўтиб маълумот бераётганини изоҳламаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter