5 йилда 14 та ҳолат ва 4 та ўлим: аттракционлардан фойдаланиш қоидалари тасдиқланади
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси «Аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳасини эълон қилди.
Мазкур қарор лойиҳаси билан «Аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари»ни тасдиқлаш кўзда тутилган бўлиб, мазкур қоидалар барча турдаги аттракционлар, шунингдек, ёрдамчи қурилмалар учун техник талабларни қўллаш ва амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни ҳамда ушбу талаблар билан боғлиқ монтаж қилиш, созлаш ва фойдаланиш жараёнларини шунингдек, республикадаги мавжуд аттракционларни марказлаштирилган реестрини юритиш тартибини белгилайди.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда, республикамиздаги мавжуд 148 та маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек бошқа кўнгилочар масканларда жами 2 120 та аттракцион фаолият кўрсатмоқда.
Бироқ, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган аксарият аттракционлар хавфсизлик ва техник талабларга жавоб бермаслиги натижасида турли авария ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлишига олиб келмоқда.
Жумладан, 2019-2024 йилни биринчи ярим йиллиги мобайнида аттракционлар билан боғлиқ жами 14 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган
ва бунинг оқибатида 4 нафар инсоннинг бевақт ўлимига сабаб бўлган.
Ҳозирги кунда республикадаги мавжуд аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни тартибга солувчи амалдаги 2 та техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар мавжуд.
Бироқ, ушбу ҳужжатларда республикадаги мавжуд аттракционларни марказлаштирилган реестрини юритиш тартиби шунингдек, сув аттракционлари ҳамда ҳаво билан дам бериб шиширилган аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш талаблари соҳасида хуқуқий бўшлиқлар мавжуд бу эса ўз навбатида мазкур йўналишда давлат сиёсатини аниқ белгилашда муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Таъкидланишича, қарор лойиҳасини қабул қилиш орқали республикадаги мавжуд барча турдаги аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш талаблари ўрнатилади ҳамда маданият ва истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда содир бўлиши мумкин бўлган авария ва бахтсиз ҳодисалар олди олинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter