Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

9 ойда 2,4 млн нафар ўзбекистонлик ишли бўлгани айтилди

9 ойда 2,4 млн нафар ўзбекистонлик ишли бўлгани айтилди

Ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан 2022 йил январь ойидан октябрь ойига қадар банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали 2,4 миллион нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланган. Бу ҳақда ЎзА нашри Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига таяниб маълумот бермоқда.

Хусусан:

  • 903 минг нафар фуқаро доимий иш жойларига жойлаштирилган;
  • 914 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган;
  • 82 минг нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркорликка (ёлланма ишчилари билан биргаликда);
  • 158 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган;
  • 392 минг нафар фуқарога ижара асосида ер ажратилган.  

Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 347 мингта лойиҳага 8,1 триллион сўм имтиёзли кредитлар ва 46 мингдан ортиқ ишсизларга 152,5 миллиард сўм субсидиялар ажратилган.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари томонидан 274 минг нафар аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун йўналтирилиб, уларнинг 223 минг нафари ўқишни тамомлаган. Ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 46 мингдан ортиқ «маҳаллабай» микролойиҳаларнинг 35 мингтаси ишга туширилиб, 175 мингга яқин иш ўринлари яратилган. 

Бунда, 1 минг 800 та лойиҳа кўп қаватли уй-жойлар ертўласини ижарага бериш орқали, 2 минг 940 таси маҳалладаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш ҳисобига амалга оширилган. Маҳаллаларда амалга оширилган ишлар натижасида 77 мингта юридик ва 76 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Шунингдек 6,3 мингга яқин корхоналарнинг фаолияти кенгайтирилган ва кам қувват билан ишлаётган 9,7 мингта корхоналарнинг қувватлари тикланган.  

Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Мухтор Шоназаровга кўра, бугунги кунда 9 минг 294 нафар ҳоким ёрдамчиси мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Давстатқўм маълумотларига кўра, айни вақтда Ўзбекистонда меҳнат билан банд бўлган аҳоли сони 13,8 млн. нафарни, ишсизлар сони эса 1,3 млн. нафарни ташкил қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг