Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аллергик касаллик кўрсаткичлари юқори жойларда оммавий текширувлар ўтказилади

Аллергик касаллик кўрсаткичлари юқори жойларда оммавий текширувлар ўтказилади

Тиббиётнинг бирламчи бўғинидан бошлаб аллергик касалликларнинг эпидемиологик кўрсаткичлари устидан назорат кучайтирилади. 2024 йилдан эса аллергик касалликлар (шу жумладан мавсумий аллергия) кўрсаткичлари юқори ҳудудларда йилига камида бир марта оммавий ва селектив скрининг текширувлари ўтказилади.

Бу борада «Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Шунингдек, 2024 йил 1 январдан:

  • аллергик ва иммунологик касалликларга чалинган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими йўлга қўйилади;
  • ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турлари босқичма-босқич 10 турдан 20 тургача оширилади;
  • Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта ташкил қилинади.
    Тошкент шаҳри аҳолиси учун аллергик касалликлар бўйича ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам Марказ томонидан кўрсатилади.

Бундан ташқари, 2024 йилдан қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий қилинади:

  • аллергик касалликлар келтириб чиқарувчи аэроаллергенлар таркиби ва мавсумий тарқалиш кўлами ҳудудлар кесимида ўрганилиб, унинг натижалари Халқаро молекуляр аллергология маркази томонидан Гидрометеорология хизмати агентлигига мунтазам тақдим этиб борилади;
  • аэроаллергенлар таркиби ва мавсумий тарқалиш кўлами тўғрисидаги маълумотлар атроф табиий муҳит ифлосланишига оид маълумотлар билан биргаликда тегишли веб-сайт ва бошқа манбалар орқали эълон қилиб борилади.

2024 йил 1 апрелгача аллергик касалликка чалинган беморларнинг электрон реестри яратилиб, амалиётга татбиқ этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг