Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижоннинг икки манзилида қиймати 13 млрд сўм бўлган туннел қурилади

Андижоннинг икки манзилида қиймати 13 млрд сўм бўлган туннел қурилади

Андижон шаҳри Бобур шоҳкўчасида жойлашган чорраҳада умумий қиймати 8 млрд 215 млн сўмга тенг ер ости ўтиш йўли қурилади. Мазкур туннелнинг узунлиги 60 метр, эни 4 метр бўлиши кўзда тутилган. 

Бу ҳақда Андижон вилояти ЙҲХБ бўлим бошлиғи Сайдулло Дадабоев ОАВ вакиллари учун ташкил қилинган пресс-турда маълум қилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, мазкур чорраҳадан бир суткада 35 мингдан зиёд транспорт воситаси, 82 минг нафарга яқин пиёда ўтади. Куннинг асосий қисми – эрталаб 7.00 дан кеч 19.00 гача тирбандлик жуда юқори бўлади. Биргина ўтган 2023 йил давомида мазкур чорраҳада пиёдалар иштирокида 23 та йўл-транспорт ҳодисаси юзага келган. Бунинг натижасида 5 нафар фуқаро вафот этган бўлса, 27 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. 

«Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан мазкур чорраҳада ер ости ўтиш йўлини қуриш бўйича таклиф ва лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳокимлик ҳамда тегишли ташкилотларга тақдим этилди», – дейди у.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари Хўжаобод тумани «Деҳқон бозори» атрофида юзага келаётган тирбандликлар, мазкур ҳудудда барпо этилаётган ер ости ўтиш йўли қурилиши билан ҳам танишдилар. 

Айни кунда мазкур ҳудудда умумий қиймати 4 млрд 950 млн сўмга тенг лойиҳа доирасида узунлиги 30 метр, эни 4 метр бўлган ер ости ўтиш йўли қурилиши олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, Хўжаободдаги бозор ёнидан ўтувчи «Андижон – Ўш» магистраль автомобил йўлидан бир суткада 80 мингдан ортиқ пиёда ҳамда 35 мингдан ортиқ транспорт воситаси ўтади. Мазкур йўл атрофи ва яқинида 100 га яқин савдо, хизмат кўрсатиш, ижтимоий соҳа объекти фаолият олиб боради. Йўлнинг бозор ҳудудидаги қисмида ўтган йили юз берган йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 3 нафар фуқаро вафот этган, 12 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг