Айрим тоифа бемор болаларга нафақа тайинлашда давлат хизматлари кўрсатилади – лойиҳа
Ногиронлиги бўлган болалар, одамнинг иммунитет танқислиги вирусини келтириб чиқарадиган касалликка (ОИВ инфекциясига) ёки ҳаёт учун хавфли ва сурункали ривожланадиган кам учрайдиган (орфан) касалликларига чалинган 18 ёшгача бўлган шахсларга композит тартибида нафақа тайинлаш бўйича давлат хизмати кўрсатилади.
Бу борада Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган болаларга ва юқорида қайд этилган тоифадаги 18 ёшгача бўлган шахсларга нафақани композит тартибда тайинлаш йўлга қўйилади.
Бунда, ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда одамнинг иммунитет танқислиги вирусини келтириб чиқарадиган касалликка (ОИВ инфекциясига) ҳамда орфан касаликларига чалинган 18 ёшгача бўлган шахсларни тегишли педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда бир вақтнинг ўзида ногиронлик нафақаси тайинланади.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида мазкур тоифа шахсларга ногиронлик нафақаларини ушбу шахсларнинг иштирокисиз тайинлаб боради.
Нафақа Ўзбекистон фуқароларига, шунингдек, Ўзбекистонда доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади.
Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter