«Барча боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди» – Амрилло Иноятов «Док-1 Макс» воқеасига изоҳ берди
14 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг «Мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг ҳолати ва истиқболи тўғрисида»ги ахбороти эшитилди. Вазир ўз чиқишида депутат Дониёр Ғаниевнинг саволига жавобан «Док-1 Макс» воқеасига тўхталиб ўтди.
«Ўша ишлар бўлган пайтда биринчи ўринбосар эдим. Биринчи ўринбосар бўла туриб хабарни кеч эшитганман, тан оламан. 24-25 декабр кунлари хабарни олганмиз.
Январ ойининг биринчи ўн кунлигида 17 минг ҳамширани хонадонларга чиқариб, одамларнинг уйидаги шундай дориларни йиғиб олдик. Сиропдан ташқари таблетка кўринишидаги турлари ҳам аниқланиб, йиғиб олинди.
Президентимиз дарров топшириқ бериб, администрация, прокуратура, ички ишлар, солиқ органлари ҳам жалб қилиниб, дорихоналардан ўша дори тўлиқ йиғиб олинди», – деди вазир Амрилло Иноятов.
Унинг қўшимча қилишича, 100 нафарга яқин болани ҳудудлардан йиғиб олиб келиб, Болалар миллий марказига ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига жойлаштирилган.
«Процесс 10 кунда бирдан тўхтатилди. Қарийб 100 нафар болани Болалар миллий маркази ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига олиб келдик ва соғлиғини назоратга олдик.
Самарқанддан ҳолат бўйича маълумот келгунга қадар шифокорлар заҳарланган болаларга бошқача ташхис қўйишган, агар билишганда, барча боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди. Шу воқеадан кейин битта ҳам бундай ўлим ҳолати кузатилгани йўқ. Ҳолатдан сўнг катта хулоса қилганмиз», – деган соғлиқни сақлаш вазири.
Соғлиқни сақлаш вазири депутатларга ҳисобот бераркан, бундан буён бундай камчиликларга йўл қўймасликка ваъда берган.
«Тизимда муаммолар йиғилиб қолган, шунинг учун тизимли ёндашув бошланган. Ҳукуматнинг, депутатларнинг ёрдами керак бўлади бизга. Тиббиёт йўналиши жуда оғир эканини ҳис қиляпман, вазирлик масъулияти жуда катта.
Шуларни чуқур ҳис қилган холда ишга киришганмиз. Энди бундан буён битта ҳам бунақа ҳолатга йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ. Ва тан оламанки, барчаси бизнинг ҳолатдан кеч хабар топганимиз ва хатомиз туфайли бўлди», дея таъкидлаган Амрилло Иноятов.
Депутат Дониёр Ғаниев «Док-1 Макс» воқеаси тизимдаги ўта қўпол камчиликлар ва тизимдаги коррупция сабабли дорини тегишли тартибда сертификация қилинмагани сабаб бўлгани, оқибатда 65 та оила фарзандидан жудо бўлганини таъкидлаб, аммо шунча ишдан кейин ҳам соҳа мутасаддилари сиёсий жавобгарликка тортилмаётганини айтган.
Бунга жавобан Амрилло Иноятов депутатнинг эътирозларини 100 фоиз қабул қилиши ва бирор баҳона қилишга асоси йўқлигини билдирган.
Аввалроқ вазир «Антиструмин» воқеаси юзасидан изоҳ бериб, болаларга йод препарати юқори дозада берилганини тан олганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter