Барча ишхоналарда хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар тузилади – лойиҳа
Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасига кўра, 2023 йил 1 мартдан бошлаб вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлари тузилади.
Таъкидланишича, бошланғич ташкилот оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат сиёсатининг асосий йўналишларини меҳнат жамоаларида самарали амалга оширишга кўмаклашадиган, аёл ходималарни ихтиёрий равишда ўз атрофида бирлаштирадиган ҳамда уларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган уюшма – коллегиал орган ҳисобланади.
Бошланғич ташкилот раиси эса ўз навбатида меҳнат жамоаси раҳбарининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади ва мақоми бўйича уларнинг ўринбосарларига тенглаштирилади.
Шунингдек, Бошланғич ташкилот юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Меҳнат жамоаларидаги хотин-қизлар ихтиёрийлик асосида бошланғич ташкилотга аъзо бўлишлари мумкин бўлади.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, Бошланғич ташкилотга:
- ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича меҳнат жамоасининг масъул ходимларидан зарур маълумотларни олиш;
- меҳнат жамоасидаги хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида муассаса маъмурияти, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита) ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ариза билан мурожаат қилиш;
- бошланғич ташкилот иш режасидаги чора-тадбирларнинг муассаса (корхона, ташкилот) маъмурияти томонидан молиялаштириш ҳақида таклифлар киритиш каби ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлар ҳам берилмоқда.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига ҳам меҳнат жамоаларида хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларни ташкил этиш тавсия этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter