Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Байроқдан эркин фойдаланишга қандай ҳолларда рухсат бериляпти?

Байроқдан эркин фойдаланишга қандай ҳолларда рухсат бериляпти?

Ўзбекистон фуқароларининг ватанпарварлик туйғуларини ифода этиш ҳамда эришилаётган ютуқларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат байроғидан кенг фойдаланишга бўлган талаб ошиб бораётганлиги муносабати билан «Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир ҳужат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасига кўра, Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам байроққа нисбатан зарур ҳурматни таъминлаган ҳолда фойдаланилишга рухсат берилади.

Шунингдек, давлат рамзига зарур ҳурмат билан муомала қилган ҳолда ундан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Давлат органларининг рамзларида (байроқ, геральдик белги) ва уларнинг расмий веб-сайтларида Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланишга ҳуқуқий асос яратилади.

Бундан ташқари, Давлат байроғи тасвирини устки кийимга безатиш мақсадида акс эттириш имконияти ҳам яратилади.

Ўзбекистонга тегишлилик белгиси сифатида Давлат байроғи ва унинг тасвири туширилган белгилардан қуйидаги ҳолларда фойдаланишга рухсат бериш:

  • Ўзбекистон Республикаси вакили бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан расмий халқаро тадбирларда фойдаланишда;
  • ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахслар томонидан кийим-кечак ва фарқловчи нишонларда қўллашда;
  • халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлашда;
  • Давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинишига йўл қўйилмайдиган ҳоллар аниқ белгилаб берилмоқда.

Маълумот учун, амалдаги «Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуннинг 5 ва 5-2-моддаларида Давлат байроғи унга нисбатан зарур ҳурмат-эҳтиромни таъминлаган ҳолда фақат умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида кўтарилиши мумкинлиги, шунингдек Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Давлат байроғидан жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаланиши қонунчиликда тўлиқ тартибга солинмаганлиги сабабли амалда ушбу ҳаракатлар Давлат байроғи тўғрисидаги қонунчиликни бузиш деб ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 203-1-моддасига асосан 990 минг сўмдан 2,3 млн сўмгача жарима солишга олиб келади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг