Бир кунда чиқиндини «нотўғри ташлаш» билан боғлиқ 11,4 млн сўмлик жарима ёзилди – пойтахт Экобошқармаси

Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бир муддат олдин пойтахтда белгиланмаган жойларга чиқинди ташлашга қарши рейд тадбирлари бошланганини эълон қилган эди.
Экобошқарма ахборот хизмати хабарига кўра, биргина 12 март, чоршанба куни ўтказилган рейд давомида пойтахт ҳудудида чиқинди ташлаш билан боғлиқ 16 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Ҳуқуқбузарларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 91-1-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва жами 11 млн 375 минг сўм жарима қўлланилган.
Маълумот учун, МЖтКнинг 91-1-моддаси 1-қисмига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача (370 минг сўмдан 1 млн 125 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 750 минг сўмдан 7 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 875 минг сўмдан 3 млн 500 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (7 млн 500 минг сўмдан 11 млн 250 минг сўмгача) миқдорда жарима солинади.
Рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter