Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир сайёҳнинг Ўзбекистонга ўртача қанча маблағ «ташлаб кетаётгани» айтилди

Бир сайёҳнинг Ўзбекистонга ўртача қанча маблағ «ташлаб кетаётгани» айтилди

2023 йилнинг якунлари бўйича дунё бўйлаб сайёҳлар сони 1,3 млрд кишини ёки пандемиядан олдинги даражанинг (2019 йилда 1,5 млрд киши) 88 фоизини ташкил қилди. Шу билан бирга, 2023 йилда жаҳонда шаклланган юқори туристик талаб ва нархларнинг ўсиши фонида туризм секторидан тушган даромадлар 1,4 трлн АҚШ долларига тенг бўлди (2019 йилдаги даромадларнинг 93 фоизи).

Марказий банк тайёрлаган «Пул-кредит сиёсати шарҳи»да қайд этилишича, 2023 йил якуни бўйича Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 6,6 млн кишини ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 27 фоизга ўсган (2022 йилда – 5,2 млн киши).

Туристларнинг асосий оқими (79 фоизи) қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳиссасига тўғри келади. Одатда ушбу давлатлардан аксарият сайёҳлар қариндошларни йўқлаш, даволаниш, ўқиш ва савдо қилиш мақсадида ташриф буюради.

Қолган хорижий мамлакатлардан келган сайёҳларнинг улуши сўнгги йилларда 15-20 фоиз атрофида шаклланмоқда. Узоқ мамлакатлардан келаётган туристларнинг ташрифидан асосий мақсад саёҳат бўляпти.

Марказий банк Шарҳига кўра, туристлар томонидан амалга оширилган харажатлар иқтисодиётда сафарлар экспортида ўз аксини топади. 2023 йилда жами хизматлар экспортида сафар хизматлари улуши 41 фоизга етиб, 2,1 млрд долларни ташкил қилган.

Бунда, Ўзбекистонга ташриф буюрган бир сайёҳнинг ўртача қилган харажати 2023 йилда 323 долларга (Сайёҳларнинг ўртача қилган харажати умумий сафарлар экспортини мамлакатга ташриф буюрган туристлар сонига нисбати орқали ҳисобланган) тўғри келиб, олдинги йилга нисбатан 5 фоизга ошди.

«Ўсиб бораётган туристик оқим иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатиб, хизматлар соҳаси кўлами кенгайиши, бандликни ошиши, хизматлар хилмахиллиги ва сифати ошиб боришига туртки беради.

Шу билан бирга, ушбу тенденция ички бозорда қўшимча истеъмол талабини вужудга келтиради. Бунда, истеъмол товарлари, хусусан озиқ-овқат маҳсулотлари ва транспорт хизматлари таклифини ошириб борилиши, келгусида истеъмол нархларига инфляцион босимни юзага келишини олдини олади», – дейилади иқтисодий Шарҳда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг