Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода чиқинди ташувчи машина талаба қизни босиб кетди

Бухорода чиқинди ташувчи машина талаба қизни босиб кетди

Бухорода талаба қиз чиқинди ташув юк машинаси ғилдираклари остида қолиши оқибатида воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов маълум қилди.

Бухоро шаҳрининг Мустақиллик кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида Бухоро давлат педагогика институтининг 2-босқич талабаси Н.Р. ижарада туриб яшаб келаётган бўлган.

Маълум бўлишича, Н.Р. 7 ноябрь куни соат 08:22ларда чиқиндиларни ташлаш учун кўчага чиққан. У чиқинди йиғиладиган махсус жойга борганида юк машинаси ҳам йиғилган чиқиндиларни олиб кетиш учун келган бўлган. Худди шу вақтда Бухоро шаҳар «Махсусавтохўжалик» МЧЖ ҳайдовчиси ўзига бириктирилган машинада Н.Р.ни кўрмасдан эҳтиётсизлик оқибатида босиб кетган.

«Қўни-қўшнилар ўша пайтнинг ўзида «Тез ёрдам»га хабар берган. «Тез ёрдам» машинаси воқеа жойига орадан 40 дақиқа ўтгач етиб келгани айтилди. Балки, ўз вақтида етиб келганида, талаба қиз ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўларди. Янаям билмадим», – дейди кўп қаватли уйда яшовчи фуқаро.

Республика Тез тиббий ёрдам маркази вилоят филиали Даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари Азиз Бобожоновнинг айтишича, «Тез ёрдам» чақируви соат 08:28да келиб тушган. Соат 08:29 да чақирув марказий «Тез ёрдам»га берилади. Йўлга чиққан шошилинч бригада 08:35 да воқеа жойига етиб борган.

«Ҳар бир чақирувчи билан мулоқот ёзиб олинади. Чақирув соат 08:28 да келиб тушаяпти. Йўлга чиққан шошилинч бригада 08:35 да воқеа жойига етиб борган. Шошилинч тез тиббий ёрдам марказида воқеа жойига бориб қайтгунча, 8 километр масофани ташкил этади. Бизда ҳамма ҳолат компьютерлаштирилган ва тизимга нотўғри маълумот киритилмайди», – деди у.

Азиз Бобожоновнинг қўшимча қилишича, «Тез ёрдам» етиб борган вақтида мурда усти ёпиб қўйилган бўлган. Воқеа содир бўлган вақтда унинг барча ҳаётий органлари жароҳат олган бўлган. Воқеа жойида бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари эса энди кеч бўлгани, қизда биологик ўлим ҳолати юзага келганини билдиришган. Қизнинг жасади экспертиза марказига жўнатилиши тушунтирилган.

Бухоро шаҳар «Махсусавтохўжалик» МЧЖ раҳбари чиқинди ташувчи юк машина ҳайдовчиси М.М. 35 ёшда экани, унинг 5 йиллик тажриба эга эканини билдириб, ҳолат талаба қизнинг бўйи чиқинди қутиларидан пастлиги боис кўринмай қолгани оқибатида содир бўлганини билдирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг