Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Четга олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш бўйича ваколатли орган белгиланяпти

Четга олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш бўйича ваколатли орган белгиланяпти

Жиноий йўл билан хорижга олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш тизими самарадорлигини ошириш бўйича тегишли тартиблар ишлаб чиқилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия лойиҳасига кўра, бу соҳада Бош прокуратура ваколатли орган сифатида белгиланади.

Президент қарори билан тасдиқланадиган ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, Бош  прокуратура, Адлия  вазирлиги, Давлат  хавфсизлик хизмати ҳамда Олий суд 2025 йилнинг декабрига қадар қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишлари лозим:

  • хориждаги активларга банд солиш, мусодара қилиш ва қайтаришга доир ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича услубиётни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • жиноят ишлари бўйича хорижга олиб чиқилган ёки яширилган активлар ҳисоби бўйича статистик ҳисоботлар юритишни йўлга қўйиш;
  • хорижга олиб чиқилган ёки яширилган активларни қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик фаолияти йўналишларини белгилаш.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, хориждан активларни қайтариш бўйича аниқ бир давлат органи ваколатли орган сифатида белгиланмаган.

Шундай бўлсада, Бош прокуратура жиноят-процессуал қонунчиликка кўра, бу соҳадаги халқаро ҳамкорлик фаолиятини олиб боради ва 2014 йилдан буён хорижга олиб чиқилган ва яширилган 1,3 млрд АҚШ доллардан ортиқ қийматдаги активларни қидириб топиш, уларга банд солиш ва Ўзбекистонга қайтариш бўйича ишлар олиб борган. 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг