Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Cўнги қисқа туташув, дунёнинг тугаши»: Охирги қарор – охирги фожеа

«Cўнги қисқа туташув, дунёнинг тугаши»: Охирги қарор – охирги фожеа

2024 йилда польшалик киноижодкорлар томонидан суратга олинган «Сўнги қисқа туташув. Дунёнинг тугаши» (Последнее замыкание. Конец цвета) фильми бир қарашда фантастика жанридаги классик сценарийга ўхшайди: тириклик тугаган дунё, робот, бир инсон ва яшаш учун кураш. Гарчи кино жуда катта рейтинг олмаган бўлса-да, бизнинг бугунги кунимиз ҳақида ўйлашга мажбур қилади.

Фильмда бор йўғи икки қаҳрамон иштирок этади. Бири Ева исмли аёл. Унинг исмида ҳам мажозийлик бор – у нафақат оддий исм, балки у инсоният тарихидаги биринчи аёл Ҳазрати Момо Ҳавво (Eва) билан ҳам маънавий боғлиқлиги бордек.

Иккинчи қаҳрамон Артур. Ташқи кўринишида маданиятли, эҳтиромли, аммо аслида қайта-қайта бир хил жавобни берувчи алгоритм, робот. Қизиғи шундаки, Артур исми ҳам маъносиз эмас. У тарихда кўпинча қайта тикланиш, шоҳлик рамзи сифатида фойдаланилган.

Фильм кадр ортида шундай фикрлар билан бошланади: «Донишманд Ер ўзининг энг катта душмани инсониятдан қутулган кун...»

Дастлабки кадрларданоқ фильм томошабинни қалбига маҳзун кайфият улашади, яъни ҳаёт тугаган Ерда аёл ва робот, вайрон бўлган, зулматга чўмган борлиқ.

Артур робот бўлса-да ишончли. Унинг вазифаси аниқ: аёлни қўриқлаш. У ҳарбий операциялар учун ишлаб чиқилган энг илғор робот. Ва умр бўйи чегарани қўриқлаган, одамларни муҳофаза қилган, қочоқларга ёрдам берган. Еванинг отаси тириклик тугаётганда қизини ўзи яшаган ҳарбий базада роботни қўриқчи қилиб қолдириб кетади.

Артур жуда меҳрибон – Ева ҳар доим қаерга борса ўзини эҳтиёт қилишини, айниқса радиация кўп жойга махсус кийимларда боришини, борган жойидан бир қултум ҳам сув ичмаслигини тайинлайди. Улар ўртасидаги муносабатлар самимий. Артур нафақат Евани қўриқлайди, балки ўзига хос суҳбатдош ҳам.  Суҳбатлари, фикрлаши жонли, гўё у инсон. Балки ундан ҳам яхшироқ. Ҳамроҳининг ҳар бир саволига жавоб беради, топишмоқлар ўйлаб топади, кечаю кундуз Ева яшаётган ҳудудда айланиб юради.

Артурнинг ҳар уч ойда пароли янгиланади ва бу тизимга киритилган. Пароллар дафтари эса базанинг ичкарисида музлатгич эшигига, кўринадиган жойга илинган...  Айни пайтдаги пароли багрянка, уч ойлик муддатдан сўнг парол навбатдагисига тизим орқали алмашади...

Кино давомида Ева турли жойларга бориб турли базаларга, станцияларга кириб вақтини ўтказади. Ана шундай кунларнинг бирида ташлаб кетилган бино ичидан лаванда гулининг уруғлари сақланган қоғозчани топиб олади. Ва уруғни ўзи яшаётган жойга сепиб қўяди. Бу уруғ унга гўё умид бўлиб кўринган бўлса ажаб эмас...

Ева эрта тонгда саёҳатга отланаркан, заҳирада сув ва ҳарбий машинасига ёқилғи олиш учун омборга кирмоқчи бўлади. Сал олдин саломлашган ва узундан узоқ суҳбатлашган артур Евани тўхтатади.

– Ева салом. Паролни айтмасангиз базага кирмайсиз.

Ева ҳайрон бўлади ва паролини айтади.

– Бу паролим эскирди, ҳар уч ойда парол янгиланади. Охирги паролни айт.

Ева шунда, пароль ёзилган дафтарга яқин ўртада қарамаганини ва эсдан чиқарганини англайди.

 – Сен мени танийсан. Мен Еваман, тўғрими?

У Артурнинг хотирасини уйғотмоқчи бўлади, лекин робот ундан яна пароль сўрайди. Шу саҳна инсоннинг эҳтиёж олдида хотирага, умидга, ҳатто рақамли ақлга ҳам суянишга мажбурлигини ва шу билан фильм шунчаки робот ҳақида эмас, инсоннинг охирги умидлари ва ёлғизликдаги интилишлари ҳақида эканини кўрсатади.

– Менинг Евалигимни биласанку? – дейди у, ҳар дафъа баландроқ, қатъийроқ сўнгра илтижоли оҳангда.

Аммо Артур учун Ева бу исм, парол эмас...  «Ева» сўзи файл, у маълумотлар базасида турибди. Унинг ички тизимида эҳтирос ёки яқин дўст эмас,  ҳудудга кирган хавфли одам бор. У, эҳтимол, Евага қараб шундай фикрлайди: «Овозни танидим. Юз характеристикаси мос. Ҳатто сўзлашидаги ҳиссиётлар  ҳам бор. Лекин парол йўқ. Қулайлик даражаси: хавфсиз эмас.»

Артурнинг вазифаси хавфни бартараф этиш. Ёнидаги одам паролни айтмадими демак у хавфли. Унда икки сценарий бор: Парол айтилса одам базага кириш мумкин, айтилмаса  душман бартараф этилади.

Ева база томон қадам ташлайди. Шунда илк бор Артур қўлига мослаштирилган қуролни Евага ўқталади.

Еванинг кўзлари катта-катта очилади. Аёл вазият қанчалик жиддийдигини тушуниб етди. У ҳатто қочоқ ролига ҳам киришади. Аммо қочоққа ёрдам бериш учун дастурланган робот эгаси Ева келиб паролни айтмагунича қочоқни ҳам базага қўёлмаслигини айтади.

Вақт ўтади, Ева энди чанқай бошлайди. Томоғи қуриб илтижо қилади, базадан сув олиши кераклигини айтади:

– Мен Еваман. Сени танишимдан олдин ҳам шундай Ева эдим. Сен менинг энг яқин дўстимсан, илтимос, мен базага кириб сув олиб ичишим керак… ахир сен мени танияпсанку?

Артурнинг тизимидаги «таниш функцияси» ишга тушди: Тўғри, Ева. Унга сув керак. У чанқаган. Унинг сувсиз қолганини билиб турибман. Фақат иккита ҳаракат йўли бор: базага киришга рухсат бериш ёки бермаслик.   Парол айтилсагина базага киришга рухсат бераман, парол айтилмаяпти демак сув олишга рухсат йўқ.

Фильмдаги энг кучли  – инсон ва машина ўртасидаги зиддиятли фарқ кўрсатувчи саҳна чанқаган аёл ва робот ўртасидаги «парол ва сув» диалоги. Аёл тирик қолиш учун обиҳаёт сўрайди, робот эса парол сўрайди. Илтимосни тушунмайди. Илтижога жавоб бермайди. У «сизни тушунмадим» деб қайта-қайта такрорлайди. Бу ерда ҳис-туйғу йўқ. Фақат алгоритм бор.

Роботнинг «қатъийлиги» ахлоқий ёки ҳиссий танлов эмас – бу техник тузилиш. У сув беришга қодир, лекин тизим рухсат бермайди.  

Бу ерда режиссёр томошабинга қийин бир воқеликни кўрсатади: технология туфайли инсон ҳаёти алгоритмга тўлиқ боғланганда, кечирим, тушуниш, ҳамдардлик – яъни инсонийлик четга сурилади. У робот. У қоидага бўйсунган. Лекин у ҳеч қачон ҳис қилмайди. Ёлворувчи кўзларни, «мен ахир сенга ишонгандим» деган нигоҳни у ҳис қилмайди.

Бу диалогда машина ва инсон ўртасидаги этик тўсиқлар аниқ кўринади. Ева сувсизликдан қийналмоқда, Артур эса туйғусиз унга раҳми келмаяпти.  

Ева паролни эслолмайди, табиийки сувга етишолмайди. Сўнги сўзи:

– Сендан илтимосим мен эккан уруғга сув қуйиш эсдан чиқмасин.

Артур: – Сен қандай уруғ эккансан.

Ева: – Менинг лаванда гулим...

Артур: – Ҳа парол лаванда эди. Сиз паролни айтдингиз ва базага киришга рухсат бераман.

Аммо Ева бу пайтда вафот этган эди.

Бу тўқнашув бизга шуни кўрсатади: инсон ҳаётидаги энг оғир йўқотиш – қаршингдаги сенга маҳтал одамга ҳиссиз жавоб беришдир.

Бугунги кунда биз технологияга ортиқча суяниб, ҳисларсиз, рақамли қарорлар қабул қилишни кенг жорий этаётган даврдамиз. Артур – бу алгоритмлашган ҳаётда инсонни унутиб қўйган жамиятнинг юзидир.

Фильм бизга инсон ва машина ўртасидаги чуқур жарликни кўрсатади. Артурнинг вазифаси инсонни сақлаш эди. Лекин у айнан шу бурчни бажариш жараёнида инсонни ўлдирди. Сабаби инсоннинг ҳаёти ҳақидаги тушунча шунчаки паролга боғлиқ.

Артур инсон томонидан яратилган. Аммо инсон ўзидан ҳам яхшироқ рационал «мавжудот» яратаман деб, эҳтимол, ўзини тугатди. Артур  бошқарувни ҳисоб-китобга топширишдан туғилган «мавжудот». У одамдан зўр эмас, лекин ҳиссиётсизлиги билан одамдан устун. Ва шу боис хавфли. У зулм қилмайди, лекин раҳм ҳам қилмайди. У адолатли, лекин шу адолатида инсон табиатини ҳисобга олмайди.

Фильмдаги Ева аслида бизмиз. У инсон  – оғриқни ҳис қилади, вафо қилади, севади, меҳр беради, умид қилади.  Ева Артурга, ҳатто темирга ҳам ишонди. Шу ишонч туфайли у ҳалок бўлди.

Артур эса унга меҳрни маълум бир паролсиз бермайди. Бу пароль шунчаки код эмас. Бу инсон ва технология ўртасидаги ишонч занжирининг символи. Бу пароль унутилган жойда ҳаёт тугайди. Бу ерда ҳалокатнинг занжири етилади. Артур фақат буйруқни бажаради. Лекин шу содиқлик билан у Евани ўлимга етаклайди. Фильмдаги энг даҳшатли нуқта шу: Артур Евани ҳимоя қиламан деб унинг ўлимига сабаб бўлади. Шу орқали фильм инсон билан технология ўртасидаги муносабатда ҳиссиётнинг нақадар етук ва зарур эканини кўрсатади. Еванинг ҳалокати  роботнинг эмас, одамнинг айби. Биз технологияни яратамиз, лекин у ҳеч қачон инсон бўла олмаслигини унутамиз. Артур инсонга хос туйғуларсиз ижро этувчи қурол. Еванинг севги, умид ва ишончи эса инсоният учун энг олий қадрият сифатида тасвирланади. Фильм айнан шу туйғуларсиз келажак қанчалар даҳшатли эканини яна бир бор эслатади.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг