Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Деновдаги болалар боғчаларида «ўлик жонлар» учун ойлик маош ёзиб келинган: нақд 4,8 млрд сўм!

Деновдаги болалар боғчаларида «ўлик жонлар» учун ойлик маош ёзиб келинган: нақд 4,8 млрд сўм!

Ҳисоб палатасининг ўрганишларига кўра, Сурхондарё вилояти Денов тумани мактабгача таълим бўлими марказлашган бухгалтериясининг айрим масъул ходимлари жами 11,3 млрд сўмлик бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштириб келган.

Жумладан, тумандаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида 2022-2023 йилларда ишламаган 141 нафар фуқаролар номига 4,8 млрд сўм иш ҳақи ҳисобланиб, ноқонуний ўзлаштирилган.

Масалан, мактабгача таълим ташкилотлари масъул ходимлари томонидан ҳақиқатда ишламайдиган яқин қариндошининг номига 136,4 млн сўм ҳамда мактабгача таълим бўлимида услубчи, ҳисобчи ва сантехник лавозимларида ишлаб келаётган 9 нафар шахслар номига 279,4 млн сўм иш ҳақини қўшиб ёзиб, сохта тўлов қайдномаларини тузиш орқали ноқонуний ўзлаштирган.

Шунингдек, 2020-2021 йилларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ходимлар учун ҳисобланган иш ҳақига нисбатан банкдан ортиқча нақд пуллар олиниб, сохта тўлов қайдномалари орқали 1,6 млрд сўм ҳамда ҳеч қандай тўлов қайдномаларисиз 3,1 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, бюджет ташкилотининг харажатлар сметасида ходимларнинг иш ҳақи тўловлари учун режалаштирилган 529,1 млн сўм маблағлар ходимларнинг розилигисиз уларнинг иш ҳақлари ҳисобидан ушланмаган ҳолда газета ва журналлар обунаси учун ўтказиб юборилган.

Палата аниқланган ҳолатлар юзасидан масъулларга қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш ҳамда молиявий хато ва камчиликларнинг келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан тегишли тадбирларни амалга ошириш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими ва Иқтисодиёт ва молия вазирликларига кўрсатма юборилганини маълум қилди.

Шунингдек ўрганиш юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага ҳам тақдим этилган.   

Ҳисоб палатаси, шунингдек, ҳисобланган иш ҳақига нисбатан банкдан ортиқча нақд пулларнинг олиш ҳолатлари 2022 йилда «UzASBO» дастурий мажмуасига ўзгартириш киритиш орқали бартараф этилганини таъкидлаб, ўз навбатида, бу борадаги ўзлаштиришлар ҳам «янги шакл-шамойилларда амалга оширилаётгани»ни билдирмоқда.

Маълумот учун, мазкур тумандаги текширишлар Палатанинг масофавий тарзда олиб борган риск-таҳлилларида туман мактабгача таълим ташкилотларининг айримларида қарийб 3 млрд сўмга яқин бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланганлиги бўйича шубҳали тўловлар аниқланидан сўнг бошланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг