Энди коррупция «ёпиқ» мавзу эмас – ортга қайтиш йўқ!

Президентимизнинг коррупцияга қарши кураш мавзусидаги нутқидан давлатнинг очиқлик сиёсати ва сўз эркинлиги ғояларига садоқати ўзгармас, собит ва ортга қайтмаслигини англадим.
Илгари коррупция барча учун «ноқулай» мавзу ҳисобланарди. Бугун эса вазият мутлақо ўзгарди. Муаммоларни очиқ муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш учун таклифлар бериш оддий ҳолга айланиб бормоқда.
Давлат раҳбари очиқлик сиёсатига, сўз эркинлигига содиқ қолишини қатъий таъкидлаётгани – жуда муҳим сиёсий сигнал. Жамият учун ҳам, журналистлар, фуқаролик фаоллари, блогерлар учун ҳам катта имконият.
Ўзбекистон учун Очиқлик бўйича халқаро рейтингда 138 поғонага юқорилаб, 30-ўринга кўтарилиш ва Марказий Осиёда биринчи ўринга чиқиш – бу шунчаки рақам эмас, балки катта ўзгаришлар натижаси.
Бир вақтлар давлат идораларидан маълумот олиш ўта мураккаб жараён эди, кўп ҳолларда имконсиз ҳам эди. Бугун эса "очиқ маълумотлар" деган тушунча ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Бу, албатта, осон бўлмади. Мамлакатдаги ҳар бир ислоҳот, жамоатчилик назорати, журналистлар ва фаолларнинг кучи бу жараённи олға силжитди. Одамлар давлат идоралари фаолияти устидан савол беришга, таҳлил қилишга, танқид қилишга ўрганяпти. Энг муҳими, бу танқидлар эшитиляпти ва керакли жавоб топмоқда.
Бу натижалар – биргаликда қилган ишимиз самараси. Энди энг асосийси – ортга қайтмаслик. Рейтингда биринчи бўлишдан кўра, шу даражада қолиш ва уни янада ошириш муҳимроқ. Очиқлик ва сўз эркинлиги йўлидан оғишмасак, фақат муваффақият қозонамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter