Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

FAO Тошкентда Наврўз ва Халқаро ўрмонлар кунига бағишланган байрам тадбирини ўтказди

FAO Тошкентда Наврўз ва Халқаро ўрмонлар кунига бағишланган байрам тадбирини ўтказди

фото: FAO матбуот хизмати

Ўрмонлар қашшоқликка қарши курашда ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бироқ, бу бебаҳо бойлик – ўрмонлар бутун дунёда ёнғинлар, зараркунандалар, қурғоқчилик ва режасиз кесилиши натижасида жиддий хавф остида қолмоқда.

Куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида Наврўз байрами ва Халқаро ўрмонлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Наврўз FAO учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки бу қадимий байрам қишлоқ хўжалиги мавжуд бўлганидан бери нишонланиб келинмоқда ва у баҳор келиши ҳамда қишлоқ хўжалиги ишларининг бошланишини англатади.

Яна бир муҳим сана — 21 март Халқаро ўрмонлар куни БМТ бош Ассамблеяси томонидан 2012 йилда барча турдаги ўрмонларнинг аҳамияти тўғрисида кенг жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида эълон қилинган.  Бу йилги Халқаро ўрмонлар кунининг мавзуси – «Ўрмонлар ва саломатлик».

Ушбу икки муҳим сана — Наврўз ва Халқаро ўрмонлар кунини нишонлаш доирасида  FAOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бир қатор ҳамкорлар билан биргаликда кўчат экиш тадбирини ҳам бошлаб юборишди.

 

 – «Ўзбекистонда тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан Глобал Экологик Фонд (GEF) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда, – дейди лойиҳанинг техник координатори Олимжон Қаҳҳоров. — Бундай тадбирлардан кўзланган мақсад ўрмонларга бўлаётган муносабатни ўзгартириш. Байрамона дастурхон атрофида бир-биримиз билан мунозаралар ўтказиш. Кўриб турибмизки,  йилдан йилга чанг-тўзонлар, тузларнинг тепага кўтарилишига дунёда бўлаётган иқлим ўзгаришининг сабаб бўлаётганини. Бугунги кунда Ўзбекистонда ўрмонларнинг деградацияга учраши кузатилмоқда, 68 фоиз ҳудудлар, 80 фоиз яйловлар деградацияга учрамоқда. Ўрмон майдонларининг табиий кўпайиши, ўрмонларни қайта тикланишига   тўсқинлик қилувчи умумий таҳдидлар хавф солмоқда. Аҳоли томонидан ўрмонлар атрофида чорва молларини боқиш авж олмоқда. Дарахтлар кесилиши оқибатида ноёб турлар йўқолмоқда. Шунинг учун иқлимимизга мос дарахтларни кўпайтириш мақсадида об-ҳавоси бизга тўғри келадиган давлатлар билан тажриба алмашаяпмиз. Масалан пистачилик, теракчилик соҳасида Туркиянинг устунлик тарафларини ўрганаяпмиз. Яқинда мутахассисларимиз Америкада бўлиб экотуристик йўналишларни ўрганиб келди, яъни экотуризмни ривожлантириш учун экотуристик маршрутлар ва зарур инфратузилма объектларини ташкил этаяпмиз, ўрмон фонди ерларида шўрланишга ва сувсизликка чидамли ўсимликларни етиштиришда илмий-тадқиқотлар натижаларини кенг жорий этишни йўлга қўйганмиз.

Тадбир доирасида Сирдарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида жойлашган ҳудудларда ўрмонларни барқарор бошқариш, ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ўрмонларнинг маҳсулдорлиги ва экологик функцияларини сақлаш, биологик ва ландшафт хилма-хиллиги тамойилларини самарали амалга ошириш ишлари олиб борилаётгани таъқидлаб ўтилди. Бундан ташқари, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ўрмонларни барқарор бошқариш ва ўрмон хўжалигида гендер тенглигини таъминлаш жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг