Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фуқарони ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасига қабул қилган шифокор «ҳайфсан» олди

Фуқарони ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасига қабул қилган шифокор «ҳайфсан» олди

Фарғона вилоятида фуқаро Б.Н. туман ИИБ профилактика инспектори ва маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда қонунга зид равишда Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати маълум қилди.

Фуқаро Б.Н. томонидан юборилган мурожаат назоратга олиниб, ҳолат Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилган.

Аниқланишича, фуқаро Б.Н. руҳий касалликлар шифохонасига кўрикдан ўтказиш учун жойлаштирилишида розилик хатига имзо қўймаган. Аммо шунга қарамасдан уни шифохонага жойлаштиришган ва 3 кун давомида кўрикдан ўтказишган. Сўнг эса соғлом бўлганлиги сабабли жавоб бериб юборишган.

«Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганиш давомида фуқаро Б.Н.нинг сўзлари тасдиқланди. Яъни, шифохона қабулхонасида даволаниши учун олинган розилик тилхатида унинг имзоси бўлмаганлиги, шунга қарамасдан унинг руҳий ҳолатини текшириш учун қабул қилган врач А.Жўраев томонидан шифохонага жойлаштирилиб, тиббий кўрикдан ўтказилганлиги аниқланди», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатда «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддаси 2-қисмида кўрсатилган – психиатрия текшируви текширилаётган шахснинг маълумотларни билган ҳолда текширув ўтказилишига ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши талаблари бузилган.

Омбудсман ҳолат юзасидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ва бу каби ҳолатларни бошқа такрорланмаслиги учун тегишли чораларни кўриш бўйича Фарғона вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасига Омбудсман хулосаси киритди.

Омбудсман хулосасига кўра, шифохонанинг навбатчи врач-психиатри А.Жўраевга ўз ишига совуққонлик билан ёндошгани учун «ҳайфсан» берилган.

Қонун бузилиш ҳолатлари қайта такрорланмаслиги бўйича масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, шифокорлар огоҳлантирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг