Ғузорда фуқаро чорва моллари билан «митингга чиқди»
Чорвачилик билан шуғулланаётган тадбиркорга етарлича ер майдони ажратилган ва унга ҳокимлик томонидан амалий ёрдамлар берилган
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги тадбиркорнинг видеомурожаати ва ҳокимликка ҳайдаб келинган чорва моллари акс этган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат жорий йилнинг 27 февраль куни содир бўлган.
Лавҳада тадбиркор тумандаги «Етти саодат нури» МЧЖ раҳбари Панжиев Ихтиёр бўлиб, у чорвачилик қилишида МЧЖга тегишли ер майдони етарли эмаслигини ва экин ерлари учун сув йўқлигини айтади.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги расмий маълумот берди.
Аниқланишича, ушбу МЧЖга чорва учун 2020 йил 13 май куни АТ «Халқ банки» Ғузор филиали томонидан 4 млрд 278 млн сўм миқдордаги кредит маблағи ажратилган ва Австрия давлатидан 152 бош зотли қорамоллар олиб келинган. Банк кредитини ажратиш жараёнида эса МЧЖга тегишли ер майдонлари етарли эканлиги эътиборга олинган.
Хусусан, Ғузор тумани ҳокимининг 2019 йил 10 июндаги ва 2021 йил 29 январдаги қарорларига асосан МЧЖга жами 81,5 гектар, шундан 78,46 гектар суғориладиган ер майдонлари ажратиб берилган.
Ер кодексининг 46-1-моддаси 1-қисми 3-бандида чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларини етиштириш учун (шартли бир бош қорамол учун) суғориладиган ерлардан - камида 0,3 гектар ва лалмикор ерлардан - камида 1 гектар ўлчамда ажратилиши назарда тутилган.
Ушбу қонун нормаларига кўра, МЧЖ томонидан келтирилган 152 бош чорва моллари учун жами 45,6 гектар ер майдони талаб этилади (МЧЖга 36 гектар суғориладиган ер майдони меъёрдан ортиқ ажратиб берилган).
МЧЖ раҳбари Панжиевнинг яна қўшимча ер майдони ажратиш ҳақидаги оғзаки мурожаатига жавобан эса унга қонун талаблари, яъни фақат аукцион орқали олиш мумкинлиги тушунтирилган.
Бундан ташқари, туман Ирригация бўлими ва туман Насос станциялари Ғузор участкасидан олинган маълумотга кўра, жамиятга қарашли ер майдонини суғориш учун етарли миқдорда сув бўлган ва қўшимча фойдаланиш учун жамиятда мавжуд носоз ер ости қудуғи таъмирланиб, сув чиқариш насослари ўрнатиб берилган.
Шунигдек, тадбиркорни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йилнинг октябрь ойида туман ҳокимлиги томонидан МЧЖнинг 50 гектар ер майдонидаги 25,4 млн сўмлик ер тайёрлаш ишлари бепул бажариб берилган.
Ҳокимликнинг қайд этишича, ҳозирда фуқаронинг жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан қилган мазкур ҳаракати юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter