Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳар бир фуқарога давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлар берилади

Ҳар бир фуқарога давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлар берилади

Давлат хизмати фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва уларга давлат хизматларини кўрсатиш бўйича амалга ошириладиган муҳим фаолиятдир. Кўплаб фуқаролар ўз карьерасини давлат хизматида кўришни хоҳлайдилар. Бунинг учун мустаҳкам ва барқарор тизим жорий этилиши зарур.

Афсуски, амалдаги Конституциямизда фуқароларнинг давлат хизматига киришга бўлган сиёсий ҳуқуқлари очиқ-ойдин белгиланмаган. Шу билан бирга, амалдаги Конституциямизнинг 32-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар» деб белгиланган бўлсада, ушбу ҳуқуқ том маънодаги давлат хизматига кириш ҳуқуқи кафолатланишини англатмайди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 37-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар. Давлат  хизматини  ўташ  билан  боғлиқ  чекловлар  қонун  билан белгиланади», деб белгиланмоқда.

Эътиборлиси, ушбу муҳим сиёсий ҳуқуқ халқаро ҳужжатларда аллақачон мустаҳкамланган. Мисол учун, БМТнинг 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 21-моддасида «Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга» деб белгиланган. Шунингдек, «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги Халқаро пактнинг 25-моддасининг мазмунида ҳам ҳар бир фуқаро ҳеч бир камситишсиз ва асосланмаган чеклашларсиз ўз мамлакатида умумий тенглик шартларида давлат хизматига кириш ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлиши кераклиги мустаҳкамланган.

Мазкур сиёсий ҳуқуқнинг Конституция даражасида белгиланиши фуқароларнинг давлат хизматига киришдаги тенг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтиради. Зеро, давлат хизматига тенг, қонуний ва адолатли рақобат шартларда салоҳиятли кадрларни кенг жалб қилиш давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида сифат ва натижадорликни таъминлашнинг муҳим талабидир.

Сўнгги йилларда давлат хизматига кириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар натижасида давлат хизматига киришдаги ижтимоий адолат ва тенглик таъминланмоқда. Шу мақсадда меритократия тамойили асосида, яъни энг муносиб номзодларнинг танлов асосда саралаб олиш йўли билан давлат хизматига қабул қилиш тартиблари жорий этилди.

Яъни, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъуллигида давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz платформаси ишга туширилиб, давлат фуқаролик хизматларида мавжуд вакант лавозимлар учун очиқ танловлар ўтказиш тизими амалга киритилди. Шу кунга қадар 400 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотларида танлов тизими жорий этилган бўлиб, уларда 1 миллион 383 мингга яқин фуқаролар вакант лавозимлар очиқ танловларида қатнашганлар. Ўтказилган очиқ танловларда иштирок этган номзодлардан  46 601 нафари (2023 йил 24 март ҳолатига кўра) билим ва салоҳияти нуқтаи назаридан муносиб деб топилиб, давлат хизмати лавозимларини эгаллаган.

Конституциямизнинг янги таҳририда давлат  хизматини  ўташ  билан  боғлиқ  чекловлар  қонун  билан белгиланиши назарда тутилган. Айтиб ўтиш мумкинки, ушбу чекловлар турли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган. Мисол учун, «Давлат давлат хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13, 28-моддаларда давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ва уни ўташ билан боғлиқ чекловлар белгиланган. Унга кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, суднинг қарори билан муайян муддатга давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахсларнинг   давлат  хизматига  қабул  қилинишига  йўл  қўймаслик бўйича қоидалар мавжуд.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши давлат хизматига киришда барча фуқароларга тенг шарт-шароитлар яратиб, кадрларни маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаб олиш каби салбий иллатларнинг бартараф этилишига ҳамда давлат хизматига муносиб, чуқур билимга эга, интилувчан ва юксак салоҳиятли  кадрларни ёллаш имкониятини кафолатлайди.

Хушвақт ХАЙИТОВ ,
Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири,
юридик фанлар доктори, профессор

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг