Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳаво ҳароратининг яна кўтарилиши айтилди. Иссиқ кунларда нималарга эътибор бериш керак?

Ҳаво ҳароратининг яна кўтарилиши айтилди. Иссиқ кунларда нималарга эътибор бериш керак?

Ўзгидромет жорий иш ҳафтаси давомида Ўзбекистоннинг текислик ҳудудлари бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туришини, шунингдек, ҳаво ҳарорати кечалари 15-20 даража атрофида, кундуз кунлари эса иш ҳафтасининг бошида ҳарорат 32-37 даражадан ҳафта охирида 35-37 даражагача аста-секин кўтарилиб боришини прогноз қилди.

Хўш, ёзнинг бундай иссиқ кунларида нималарга эътибор бериш керак?

Мутахассислар фикрича, ёз кунлари ёрқин рангда бўлган ва пахтадан бўлган кийимларни танлаш мақсадга мувофиқ. Чунки табиий матодан тикилган кийимлар терини нафас олишига имкон беради. Бу эса тана ҳароратининг кўтарилиб кетиши олдини олади.

Тўғри тушадиган қуёш нуридан сақланиш ва иссиқ кунда бош кийим кийиб юриш ҳам тавсия қилинади.

Ёз кунлари қуёш нури 12:00 дан 16:00 гача жуда ҳам фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқишни режалаштирмаган маъқул. Аммо вазият мажбур қилса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан асрашга ҳаракат қилиш лозим.

Тез бузиладиган егулик маҳсулотларини харид қилмаслик керак. Чунки иссиқ ҳароратда бактериялар жуда ҳам тез кўпаяди. Бу эса заҳарланишга олиб келиши мумкин. 

Иссиқ об-ҳавода организмда сув баланси бузилади, ҳамда кўп намлик йўқотади. Шунинг учун жазирамада кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Чанқоқни эса ҳар хил олча, олма ва нордон мевалардан тайёрланган шарбаттлар, сузмадан тайёрланган айрон ва лимонли сувлар босади.

Жазирама кунларда қаҳвадан воз кечган маъқул. Чунки қаҳва иссиқ кунда чарчоқни оширади. Ширин ва газланган ичимликлар ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Иссиқ об-ҳавода алкоголь ичимликларини чеклаш керак. У организмни сувсизланишига олиб келади.

Таомланишда эса энг яхшиси мева ва сабзавотларни танлаган яхши. Турли салатлар, сузмали таомлар, ҳамда яхна шўрвалар ҳам тавсия этилади. Бодринг, тарвуз, қовун ҳамда нордон-ширин мевалар салқинлатиш хусусиятига эга.

Жазирамада жуда ҳам ёғли ва шўр таомларни истеъмол қилишдан сақланиш керак. Албатта ҳамма нарсанинг меъёри бўлганидек, яхна ичимликлар ва таомларни ҳам меъёрида истеъмол қилиниши зарур.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг