Ромитан суди икки фарзандини каналга ташлаб юборган аёлга ҳукм ўқиди

Бухоро вилояти Ромитан туманида яшовчи 28 ёшли аёл тушкун ҳолатда ўзи ҳамда икки нафар – 3 ва 5 ёшли вояга етмаган фарзандларини яшаш манзилига яқин ҳудуддаги «Хайрабод» каналига ташлаб юборган. Оқибатда она ҳар икки боласининг ҳам вафот этишига сабабчи бўлган.
Бу ҳақда Xabar.uz’га Жиноят ишлари бўйича Ромитан тумани суди раиси Жамшид Жамолов маълум қилди.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, 28 ёшли М.К. икки нафар вояга етмаган фарзанди билан туманнинг «Тарнауд» маҳалласида қайнона-қайнота хонадонида яшаб келган. Унинг турмуш ўртоғи Ф.Р. 2021 йилда Россияга ишлаш учун кетган бўлган. Қайнона-келин ўртасида эса турли келишмовчиликлар келиб чиқиб, улар доимий равишда жанжаллашиб келишган.
Оиладаги тортишувлар ортидан унинг турмуш ўртоғи Ф.Р. ҳам хотинини мунтазам рашк қилиб келган. Шу боис, ишлаб топган пулларини оиласига эмас, балки амакисига юборишни одат қилган. Бу эса аёлнинг ўз заруратлари ҳамда фарзандлари учун харидларини чеклаб қўйган.
Оилавий жанжалларда эр унга болаларни ташлаб ўзининг ота-онасиникига кетишини, истаса ўз жонига қасд қилиши мумкинлигини айтиб, унга руҳий босим ҳам ўтказиб келган.
Натижада эса аёл қаттиқ тушкунлик ҳолатига тушиб қолган. Бунинг оқибатида у яшаш ҳовлиси олдидан оқиб ўтувчи каналга ўзи билан бирга икки нафар вояга етмаган фарзандларини ташлаб юборган. Экспертиза хулосаларига кўра, вояга етмаган 5 ёшли қизи ҳамда 3 ёшли ўғли юқори нафас йўлларининг суюқлик билан ёпилиши оқибатида юзага келган механик асфикция оқибатида вафот этишган.
Аёлнинг ўзи эса ҳодисага гувоҳ бўлиб қолган қўшниси томонидан сувдан чиқариб олинган.
«Иш» юзасидан жалб қилинган психиаторлар кўриги натижаларига кўра ҳам аёлга жиноят содир этгунга қадар ижтимоий-психологик жиҳатдан зарар етказилган ва миясининг тормозланиши оқибатида қисқа муддатли аффект ҳолатига тушиб, жиноят содир этган.
Аммо судланувчи М.К. содир қилган ҳаракатлари учун барибир қонун олдида жавоб беришига тўғри келдаи.
«Қайнонам юзимга тарсаки тушириб, қўлимдан болаларимни тортиб олди. Қайнотам: «Болаларни биз сақлаймиз, сен чиқиб кет! » деб айтди. Шунда ҳам кетмадим. Орадан бироз вақт ўтгач, бу ҳолатга чидолмай, орқа кичик эшикдан болаларим билан чиқдим. Ўша вақтда катта дарвозадан чиқиб кетганимда, балки бошқа томонга кетардим. Борадиган уйим-жойим йўқ. Болаларимни эса бу оила аъзоларига бергим келмади. Уйимиз ёнидан катта канал оқиб ўтади. Кўзим шунга тушди. Ўзим билан болаларимни ҳам сувга ташлаш хаёли келди. Қанчалик оғир бўлганини бошқа биров миясига сиғдира олмас, аммо ҳаётдан безиб кетганимми, кўзимга ҳам, ақлимга ҳам бошқа ҳеч нарса келмади», – дейди судланувчи М.К.
Дастлабки тергов органи томонидан унинг содир қилган жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш), 2-қисмининг «а, в» бандлари, яъни «Қасддан, айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш» билан тўғри квалификация қилинган.
М.К.нинг турмуш ўртоғи Ф.Р. эса улар икки нафар фарзандларидан айрилишгани, у турмуш ўртоғи билан бирга яшаб, яна фарзанд кўришларига имкон берилишини сўраган. Бу ҳолатларга ўзи айбдорлигини, турмуш ўртоғининг айби йўқлигини, у турмуш ўртоғи қамоқдан чиқишини кутаётганини ва унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирган. Хотини фарзандларини қасддан ўлдирмаганни айтиб, кўрсатув берган.
Судлов ҳайъати М.К.нинг шахсини, оилавий шароитини ва чин кўнгилдан пушаймонлигини эътиборга олиб, Жиноят кодексининг 55-моддасига (Жазони енгиллаштириувчи ҳолатлар) асосан, унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас, деб ҳисоблаган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш)қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter