Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Истанбул-Тошкент» рейси йўловчилари «номаълум вирус» сабаб самолётда ушлаб турилган: «Санэпидқўмита» тушунтириш берди

«Истанбул-Тошкент» рейси йўловчилари «номаълум вирус» сабаб самолётда ушлаб турилган: «Санэпидқўмита» тушунтириш берди

Бугун, 21 август куни соат 00:35 да «Истанбул-Тошкент» йўналиши бўйича келган «Turkish airlines» авиакомпаниясининг TK 370 рейси йўловчилари Тошкент халқаро аэропортида бир муддат қолиб кетди. Бу парвоз давомида йўловчилардан бири (хориж фуқароси)нинг саломатлигида пайдо бўлган муаммо билан боғлиқ.

Гап шундаки, аэропорт маъмурияти Истанбулдан келган самолёт экипажи ва йўловчиларига, хорижлик беморни олиб тушиб кетганидан сўнг, 2 соатга яқин учоқдан тушишга рухсат бермади. Йўловчиларга бу, беморда аниқланган номаълум вирус билан боғлиқ экани айтилган.

Узоқ кутишдан сўнг, соат 02:30 ларда экипаж ва йўловчиларга тушишга рухсат берилган.

«Санэпидқўмита» ахборот хизмати рахбари Мафтуна Саидованинг «Xabar.uz»га билдиришича, айни кунларда маймунчечак касаллигининг Ўзбекистонда тарқалиши олдини олишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

«Республиканинг барча чегара постларида ушбу касалликни аниқлаш мақсадида жами 54 та назорат пунктлари ўрнатилган. Юқоридаги ҳолат эса айни кунларда кучайтирилган назорат тадбирлари билан боғлиқ. Яъни бу фақат «Истанбул-Тошкент» рейси билан боғлиқ эмас.

Ҳозир кунда Ўзбекистонда маймунчечак касаллиги қайд этилмади. Жумладан, юқоридаги ҳолатда ҳам бирор йўловчидан ушбу турдаги вирус топилмаган», – дейди Қўмита расмийси.

«Uzbekistan Airports» эса фуқаро авиацияси объектларининг Санитария-эпидемиология осойишталиги маркази билан биргаликда 20-21 август кунлари аэропортлар тиббиёт ходимлари учун маймунчечак касаллигининг этиологияси, клиник кўриниши, эпидемиологияси, диагностикаси ва олдини олиш бўйича семинарлар ўтказиш белгиланганини маълум қилди.

Шу билан бирга, республиканинг барча халқаро аэропортларида маймунчечак касаллигининг олдини олишга қаратилган санитария-тарғибот ишлари кучайтирилди. Хусусан, аэропорт ходимларига ушбу касаллик ҳақида соддалаштирилган шаклда маълумот берилади ва баъзи аломатлар визуал тарзда қандай намоён бўлиши тушунтирилади. Бундан ташқари, санитария-карантин хизмати томонидан аэропортларда ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни масофадан туриб аниқлайдиган тепловизорлар ўрнатилиши айтилди.

Компания Тиббий таъминотни ривожлантириш департаменти, шунингдек, ЖССТ маълумотларига таяниб, ушбу касалликнинг янги штамми асосан Ўзбекистон билан тўғридан-тўғри рейслар билан боғлиқ бўлмаган Африка мамлакатларида тарқалаётганини таъкидламоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг