Жаҳон банки Ўзбекистонга қарийб 1 млрд доллар миқдорида имтиёзли кредит беради
Жорий йил 16 декабр куни Жаҳон банки тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси (дунёнинг турли давлатларидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи Банкнинг махсус молиявий инструменти) доирасида Ўзбекистонга молиявий маблағлар тақдим этишни маъқуллади.
Операция доирасида Ўзбекистон ҳукуматига стратегик ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, хусусий секторга йўналтирилган инклюзив иқтисодиёт қуриш, бозор институтларини ривожлантириш ва барча фуқаролар иқтисодий ўсишнинг натижаларидан фойдаланишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича кўмак кўрсатилади. Жаҳон банкининг ҳукуматга ёрдами молиявий пакет шаклида тақдим этилади. У 470 миллион АҚШ доллари қийматидаги имтиёзли кредитлар ва 480 миллион АҚШ доллари қийматидаги паст ставкали кредитлардан иборат.
«Дунёда ҳамда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги мураккаб вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлида қатъий давом этишини намойиш этмоқда. Жаҳон банкининг жорий операцияси Ўзбекистон учун 2017 йилдан буён мамлакатда инклюзив бозор иқтисодиётини барпо этиш мақсадида кўрсатган кенг кўламли молиявий ва техник ёрдамимизга асосланади. Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури Ўзбекистоннинг келгуси беш йилга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади», – дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова.
Қайд этилишича, ушбу маблағлар Жаҳон банки тизимидаги кредит ташкилотлари – Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) ва Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) томонидан берилади. 12 йилдан 34 йилгача муддатга паст фоиз ставка билан ХТА учта кредит ва ХТТБ қарз беради (ХТА ва ХТТБ молиялаштириш шартларига мувофиқ). Ушбу операция доирасида Жаҳон банки томонидан тақдим этиладиган молиялаштириш ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди.
Маълумот учун, 2022 йил 16 декабрь ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги мамлакат бўйича дастури 27 та лойиҳани ўз ичига олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter