Картадан картага пул ўтказмалари солиқчилар назоратида бўлиши Конституцияга зид – «Юксалиш» УМҲ
Жорий йил 10 февралдаги Президент Фармони билан 1 майдан бошлаб кучга кирган жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъий назар электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва солиқ органларига тақдим этишларига оид тартиб янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган нормаларга зид.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг таъкидлашича, Конституцияда банк операцияларининг сир тутилиши кафолатланган (41-модда) ҳамда инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган (20-модда).
Ҳаракат, шунингдек, «кўп минг сонли аъзолари фикри»га таяниб, мазкур амалиётнинг акс самара бериши, яъни айрим салбий оқибатларни келтириб чиқаришини билдирган.
Яъни:
- фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини поймол этган ҳолда мамлакатимизда қонун устуворлиги тамойилига жиддий путур етказади;
- нақд шаклдаги тўловларга талабни оширади, банк тизимидан маблағлар норасмий бозорга кўчади ва амалда хуфиёна иқтисодиёт кўлами ортади;
- нақд ва нақдсиз тўловлар ўртасидаги тафовутнинг ортишига олиб келади.
«Шу муносабат билан, иқтисодиётни соядан чиқаришда мавжуд имкониятларни самарали ишга солиш, солиқ тўловчилар учун тенг ва адолатли солиқ сиёсатини юритиш, бозор иқтисодиёти тамойилларига амал қилиш каби жиҳатларга устуворлик бериш муҳим саналади. Юқоридагиларга кўра, банк карталаридаги P2P ўтказмалари тўғрисида ахборотни солиқ органларига тақдим этиш бўйича Марказий банк позициясини қўллаб-қувватлаймиз ва ушбу масала қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», – дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати муносабатида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter