Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёев тиббиёт соҳасида янги ташаббусларни илгари сурди

Мирзиёев тиббиёт соҳасида янги ташаббусларни илгари сурди

Президент Мирзиёев бугунги йиғилишда тиббиёт соҳасидаги муаммоларга ечим топиш бўйича қилиниши лозим бўлган ишларни белгилаб берди ва янги ташаббусларни илгари сурди.

Йиғилишда кўриб чиқиладиган масалалар бўйича салкам икки йил тайёргарлик кўрилгани, хорижнинг илғор тиббиёт марказларидан экспертлар жалб қилингани таъкидланди.

«Агар бирламчи бўғин, рақамлаштириш ва суғуртани жойига қўйсак, тиббиёт ходимларини билим ва амалий кўникмасини яхшиласак, муҳими, аҳолининг тиббий маданиятини оширсак, шунинг ўзи орқали кўзлаган мақсадларимизга эришамиз», - деди Президент.

Эндиликда бирламчи бўғинда тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича янги тизим бўлиши белгиланди. Президент буни Иштихон туманидаги битта поликлиника мисолида чуқур таҳлиллар асосида тушунтириб берди.

Иштихондаги «Ўзбекистон» номли поликлиникага 7 та маҳалла бириктирилган. Лекин 6 нафар оилавий шифокор 9 та штатни банд қилиб, юкламани эплай олмаяпти. Бу поликлиникада яна 6 та врач штати бўш.

Кафолатланган пакетга зарурати пухта ўйланмасдан 90 турдаги дори киритилгани боис поликлиникага бунинг ярми ҳам келмаяпти. Поликлиникадаги лаборатория таҳлилини бирорта шифохона тан олмайди.

Энг кўп мурожаат болалар касалликларига тўғри келгани билан, оилавий шифокорларда кўникма етишмагани учун улар педиатр вазифасини тўлиқ бажара олмаяпти. Туғруқ ёшидаги 9 минг аёл учун бор-йўғи 1,5 ставка гинеколог штати берилган.

Аҳолининг 35 фоизи юрак-қон томир, қандли диабет, ошқозон-ичак каби сурункали касалликларга чалинган. Бундай касалликларни эрта аниқлаш, профилактика қилиш ва асоратларини камайтириш бўйича тиббиёт бригадаларининг иши кўринмаяпти.

Шу боис, ушбу тизим ўзгариши белгиланди.

Эндиликда тиббиёт бригадаси ҳамда унга бириктирилган аҳоли ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи икки томонлама шартнома тузилади. Аҳоли оилавий шифокорни эркин танлайди, бу жараёнларга хусусий оилавий шифокорлар ҳам жалб этилади.

Тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети тасдиқланади ва пакет доирасида тиббий хизмат ва дори воситалари тўлиқ бюджетдан қопланади.

Шунингдек, поликлиникада акушер-гинекологлар 2 баробар кўпаяди. Ҳар 3 минг бола учун 1 тадан педиатр штати янгидан қўшилади.

Бундан буён бирламчи бўғинда ярим ёки 0,25 ставка бўлмайди. Барча шифокор ва ҳамширалар фақат тўлиқ ставкада ишлайди.

Умуман, тумандаги маҳалла ва оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар фаолияти мақбуллаштирилиб, 12 мингдан кўп одамга хизмат қиладиган 7 та йирик поликлиника, қолган 27 таси кичик поликлиника сифатида қайтадан ташкил қилинади.

Тумандаги марказий поликлиника эса туман шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлимига айлантирилади. Барча тор соҳа мутахассислари шу ерда ишлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг