Мисрда ўзбек тили грамматикасини ўрганиш бўйича дарслик яратилди

Ўзбекистон элчихонаси томонидан инглиз тилида соддалаштирилган услубда ўзбек тилини нолдан ўргатувчи "Uzbek Language: Complete Self-Study Guide in 22 Lessons" номли қўлланма чоп этилди.
Қайд этиш жоизки, ўзбек тилини хорижда оммалаштиришда асосий муаммо сифатида замонавий талабларга жавоб берадиган ўзбек тили грамматикасига оид чет тилида ёзилган қўлланмани топиш мушкул эди. Мавжуд дарслик эса чуқурлаштирилган тарзда ўқитишга ва улар мустақил тил ўрганишга мўлжалланмаган.
Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида ва хорижий тилларни ўрганиш бўйича тажриба асосида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети мутахассислари тавсияларини инобатга олган ҳолда мазкур китоб тайёрланди.
Ушбу китобнинг кириш қисмида ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, унинг ўзгариш босқичлари ҳамда ўзбек халқининг шаклланиш тарихи ҳақида сўз юритилган.
Китобнинг асосий қисмидаги 22та дарслар йирик мавзуларни бошқа қўлланмалар каби алоҳида-алоҳида тўлиқ тушунтиришга эмас, балки хорижий тилни ўрганиш учун энг зарур бўлган қоидалар ва конструкцияларни ўргатишга бағишланган.
Ўзбек тилида феъл замонларини тушуниш хорижликлар учун нисбатан мураккаблигини инобатга олиб, қабул қилинган стандартлардан фарқли равишда инглиз тилига қиёслаб содда кўринишда тушунтирилган.
Ҳар бир дарс сўнгида қисқа машқлар ва матнлар келтирилган. Бунда ўрганувчига юк бўлмаслиги учун машқлар сони кўпайтирилмаган. Зеро, ҳозирги замонда ҳар бир шахс ихтиёрий тилда исталган миқдорда маълумотларни Интернет тармоғидан топиши ва турли дастурлар ёрдамида уларни таржима қилиши мумкин.
Қўлланма охирида тил ўрганишни осонлаштирувчи қўшимча қисмлар ҳам киритилган.
Маълумки, хорижий тилни ўрганган шахс тегишли давлатга борганида расмий тил ва халқ қўллайдиган сўзлашув ўртасидаги фарқ туфайли, ушбу тилни тушунишда қийинчиликка учрайди. Шуни инобатга олиб, ўзбек тили шевалари ва уларнинг фарқлари тушунтирилган ҳамда халқ орасида ишлатиладиган, лекин адабий тилга киритилмаган баъзи кенг фойдаланиладиган ўзлашма сўзлар ҳам мазкур китобга илова қилинган.
Қолаверса, хорижий тилни шеърлар ва қўшиқлардан фойдаланиб ўрганиш қулайлигини инобатга олиб, ўзбек халқи орасида оммалашган шеър ва қўшиқлар китобда келтирилган, улардаги мураккаб сўзлар шарҳи ҳам бевосита берилган.
Китобда мустақил таржима қилиш учун Ўзбекистон ва унинг қадимий шаҳарлари, буюк тарихий шахслари тўғрисида қизиқарли маълумлар ҳам мавжуд.
Қўлланма сўнггида 2500 дан ортиқ фаол қўлланиладиган сўзлар асосида ўзбекча-инглизча луғат чоп этилди.
Элчихона ташаббуси билан нашрга тайёрланган мазкур китоб Мисрдаги кутубхоналар, ўзбек тилини ўрганаётган Қоҳира университети талабалари орасида тарқатилмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали ўзбек тили ўқитиладиган хорижий университетларга ҳам етказиш режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, мазкур қўлланма бошқа давлатлардаги ўқувчилар учун Америка, Европа ва Осиёдаги AMAZON платформаларида ҳам электрон ва рангли босма китоб шаклларида жойлаштирилган, "Google Books" ва "Google Play" платформаларида эса илова шаклида топиш мумкин.
Шунингдек, мазкур дарслик рус тилига ҳам таржима қилиниб, лойиҳа нусхаси "Узбекский язык: Полный курс за 22 урока" номи билан LITRES платформасида электрон шаклда мавжуд.
Ушбу қўлланма ҳозирда араб тилига ҳам таржима қилинмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter