Болалар омбудсмани Қашқадарёда ўқувчи қизлар унаштирилиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганди
️Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова эрта никоҳлар ва мактаб ёшидаги қизларга нисбатан унаштирув маросимлари ўтказилиши каби ҳолатлар юзасидан Қашқадарё вилоятининг Кўкдала, Касби ва Косон туманларида ўрганишлар ўтказди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.
Болалар омбудсмани шу кунларда интернетда эълон қилинаётган, вояга етмаган қизларнинг турмушга берилаётгани ҳақидаги хабарларни ҳам ўрганган. Хусусан, 23 декабрь куни Косон тумани ҳокимияти ва мутасаддилар тумандаги бир оила 18 ёшга тўлмаган қизининг тўйини белгилаганини аниқлаган. Шундан сўнг тўй ва унга боғлиқ барча маросимлар тўхтатилган.
«ФҲДЁ томонидан қайд этилган никоҳ гувоҳномаси бўлмай, шаръий никоҳ ўқиган диний вакил жавобгарликка тортилиши чоралари кўрилди. Бу борадаги ишлар тизимли равишда давом этади», дейилади хабарда.
️Таъкидланишича, Косонда яна 2 та ҳолатда никоҳ қоидалари бузилган ҳолда тўй ўтказилаётгани аниқланган.
Шунингдек, тармоқларда Кўкдала туманида 7-синф ўқувчиси унаштирилаётгани айтилган видео тарқалганди. Қизнинг ота-онаси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган маросим экани тўғрисида тушунтириш берган.
Болалар омбудсмани шу ва шунга ўхшаш яна 2 та ҳолат бўйича Кўкдала туманида ўрганиш ўтказган. Қизларнинг ўзлари ва ота-оналари бу унаштириш маросими бўлмагани ва ҳеч қандай тўйга тайёргарлик эмаслигини билдирган.
Маълумот учун, Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
Жиноят кодексининг 125−1-моддасида никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бунинг учун БҲМнинг 20 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиш мумкин. Аммо қонун ҳужжатларида вояга етмаган шахснинг унаштирувига оид ҳеч қандай жавобгарлик белгиланмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter