Ортиқхўжаев ҳокимлик Жамоатчилик кенгашининг янги таркибини тасдиқлади
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 69-сессиясида ҳокимлик қошидаги Жамоатчилик кенгашини янги таркибда шакллантиришга оид таклиф билан чиқди.
«Сизларга бугун бир муҳим таклиф ва мурожаат билан чиқишни лозим топдим. Ўзингизга маълум, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли турмуш даражаси сифатини янада ошириш асоссий мақсадимиз десам адашмайман.
Лекин, сўнги вақтларда аҳолимиз манфаати учун қилаётган хайрли ишларимизни кенг жамоатчиликка ўз вақтида ва тўлиқ етказа бера олмаётганимиз сабаб, турли эътироз ва баъзи пайтда нохолис танқидларга учраяпмиз.
Шу ўринда яна бир нарсага алоҳида тўхталмоқчиман, амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар кўлами қанчалик кенг, катта бўлмасин, жамоатчиликнинг фикри, маслаҳати ва керак бўлса баъзи ўринларда танқидисиз кутилган ижобий натижага эришишнинг иложи йўқ.
Шу сабабли биз жамоатчилик билан яқиндан ва очиқ ишлаш, аҳолининг фаол қисмини шаҳримизда олиб борилаётган ислоҳотларга кенгроқ жалб этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши ишини сиз депутатларимиз билан бамаслаҳат қайта кўриб чиқишга қарор қилдик», – дейди пойтахт ҳокими.
Сессияда Тошкент шаҳар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Фурқат Маҳмудхўжаев шаҳар ҳокими томонидан Жамоатчилик кенгаши раиси лавозимига номзод сифатида кўрсатилди.
Шунингдек, Ортиқхўжаев эндиликда жамоатчилик кенгаши фуқароларга олиб борилаётган ислоҳотлар ва лойиҳаларни тўлиқ, шаффоф етказиб бера оладиган ваколат ва тизимга эга тузилма бўлишини, кенгашда исталган фуқаро эксперт сифатида иштирок этиши мумкинлигини таъкидлаган.
«Мен кенг жамоатчиликка, ОАВ вакилларини, журналист ва блогерларни, хусусан, шаҳримиздаги ўзгаришлар, пойтахтимизнинг флора ва фаунасига бефарқ бўлмаган Никита Макаренко, Александра Иванюженко, Саодат Абдузакирова, Абу Али Ниёзматовлар каби фаол ҳамшаҳарларимизни Жамоатчилик Кенгаши аъзолигига таклиф қиламан.
Ишонаманки, уларнинг бу ердаги фаолияти, фикрлари, таклиф ва ташаббуслари, албатта, шаҳримиздаги янгиланишлар ҳамда ўзгаришлар жараёнига, бизнинг турли соҳа ва йўналишлардаги фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатади», – дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Маълумот учун, Тошкент шаҳар ҳокими жорий йил 24 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашининг янги таркибини (19 нафар аъзо) тасқидлаган.
Эслатиб ўтамиз, пойтахт ҳокимлиги Жамоатчилик кенгаши 2018 йилда тузилган ва Кенгашнинг биринчи раиси тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter