Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

"Осмони фалакларда: Авиапарвознинг ягона қурбони” фильми тақдим этилди

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида Кинематография агентлиги буюртмаси асосида “SHB” студияси томонидан суратга олинган “Осмони фалакларда: Авиапарвознинг ягона қурбони” номли бадиий фильмнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Унда Кинематография агентлиги мутасаддилари, турли идоралар вакиллари, кино ижодкорлар, санъат фидойилари, кино ихлосмандлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида меҳмонлар Ўзбекистон Кино санъати музейи фаолияти билан танишиб, миллий кино меросининг тарихи ва бугунги тараққиёти ҳақида маълумотга эга бўлишди.

Тақдимотни Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев очиб, фильм яратилиши ва мазмунига тўхталди. Шундан сўнг асар ва сценарий муаллифи Хайриддин Султонов ҳамда режиссёр Жаҳонгир Қосимов сўзга чиқиб, мамлакатда кино санъати ривожланаётганини ва ушбу фильм ана шу жараённинг мантиқий давоми эканини таъкидлашди.

Қайд этилишича, фильм чуқур драматик сюжетга эга бўлиб, инсон тақдири, руҳий кечинмалар ва ҳаёт синовларини фалсафий ёндашувда ёритади. Асардаги воқеалар томошабинни теран мушоҳадага чорлайди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Картинанинг бош ролларини актёрлар Юлдуз Ражабова ва Мердан Матвелиев ижро этган. Уларнинг образлари орқали инсоний туйғулар, фидойилик ва синовларга бардошлилик таъсирчан ифода этилган. Фильм Наврўз байрами муносабати билан томошабинларга ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг