Ўзбекистон 6 та давлат учун расман визасиз режим жорий қилди
Ўзбекистон олтита янги давлат учун визасиз режимни расман жорий қилмоқда ва Хитойга визасиз кириш муддатини узайтирмоқда. Бу борада 21 октябр куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ҳукуматнинг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра, 408-сон қарорнинг 5-иловасида келтирилган фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасида визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар сони яна 6 тага (шу кунга қадар 85 та эди) кўпайди. Улар – Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Уммон, Саудия Арабистони ва Иордания давлатлари. Уларнинг фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача эркин киришлари мумкин.
Бундан ташқари, Хитой фуқаролари учун визасиз қолиш муддати 30 кунгача узайтирилди. Аввалгидек, етти кун давомида визасиз кириши мумкин бўлган Гонконг аҳолиси учун истисно сақланиб қолинган.
Шунингдек, 15 давлат фуқаролари учун бизнес визаларини беришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди.
Улар:
- Австрия
- Бельгия
- Буюк Британия
- Германия
- Испания
- Италия
- Латвия
- Малайзия
- Франция
- Чехия
- Швейцария
- Япония
- БАА
- Эрон
- Покистон
Бунда Эрон ва Покистон фуқаролари учун бизнес визалари ишбилармонлик ва академик доиралар, шунингдек, туристик гуруҳлар учун соддалаштирилган виза жараёнлари тўғрисидаги келишувлар асосида берилади. Агар қўшимча текширувлар зарур бўлса, виза бериш муддатлари 10 кунгача узайтирилиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter