Ўзбекистон «тоза энергия»ни ривожлантириш учун $143 млн қарз оляпти
Жорий йил 30 март куни Жаҳон банки иштирокидаги «Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия» лойиҳаси доирасида банкнинг Халқаро тараққиёт уюшмасидан қарз маблағларини жалб қилишга оид Президент қарори имзоланди.
Бунда ижтимоий соҳа объектларида энергия самарадорлигини ошириш, электр энергияси ҳамда иссиқлик энергияси сарфини тежаш, уларни энергия тежайдиган технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари билан таъминлаш мақсадида 30 йил муддатга 5 йиллик имтиёзли давр билан 143 млн АҚШ доллари миқдорида қарз маблағларини жалб қилиш назарда тутилади.
Бу ҳақдаги қарор эса Жаҳон банки Директорлар кенгаши томонидан 2022 йил 24 июнда маъқулланган.
Лойиҳада 138 млн доллар жамоат биноларида энергия самарадорлигини ошириш ҳамда тоза энергия учун инвестиция киритишга, 5 млн доллар эса лойиҳа доирасидаги техник ишларга сарфланади.
Лойиҳа 2023-2028 йиллар давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида амалга оширилади.
Бунда қарз маблағларини қайтариш манбалари этиб, модернизация қилинган объектларда коммунал хизматларни тўлаш бўйича харажатлар учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг иқтисод қилинадиган қисми ҳамда иқтисод қилинган маблағларнинг етмаган қисми бўйича Давлат бюджети маблағлари белгиланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter