Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда маданий бойликлар ўғриларини 20 йилгача қамаш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда маданий бойликлар ўғриларини 20 йилгача қамаш таклиф қилинмоқда

Маданий, тарихий, археологик қимматга эга бўлган ашёлар ва коллекцияларни қалбакилаштириш орқали талон-торож қилиш, уларни божхона чегарасидан ноқонуний ўтказиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатларни Ўзбекистон қонунчилигида жиноят деб малакалаш ва унга тегишли тартибда жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда.

Жумладан, тегишли қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Жиноят кодекси 169-1,169-2 ва 182-1-моддалар билан тўлдирилмоқда.

Унга кўра, 169-1-модда «Маданий бойликларни қонунга хилоф равишда эгаллаш» ҳолатига ҳуқуқий баҳо беради ва маданий бойликларни ўғрилик ёки фирибгарлик йўли билан эгаллаганлик (1-қисм) учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Шунингдек, «ўша ҳаракат:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан;

в) ўзлаштириш, растрата қилиш ёхуд мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан;

г) талончилик йўли билан;

д) товламачилик йўли билан содир этилган бўлса, –

ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат:

а) босқинчилик йўли билан содир этилган бўлса;

б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса;

в) оғир оқибатларга олиб келган бўлса, —

ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва маданий бойликларни топширса, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.»

Жиноят кодексига янги таклиф қилинаётган 169-2-модда (Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар халқларининг маданий бойликларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтармаслик)га кўра эса Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилган Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар халқларининг маданий бойликларини белгиланган муддатларда Ўзбекистонга қайтармаслик, агар бундай қайтариш қонунчиликка асосан мажбурий ҳисобланса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, ҳужжат лойиҳасига кўра «қонунга хилоф равишда моддий маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш» (182-1-модда) беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг