Бош прокурор ўринбосари: «Ўзбекистоннинг бугунги прокуратураси матбуот учун очиқ» (видео)

Эркин Йўлдошев — Ўзбекистон Бош прокурори ўринборсари.
Бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон Бош прокуратурасида «Мамлакатимизда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси» мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда иштирок этган «Xabar.uz» мухбири қуйидаги савол билан мурожаат қилди:
— Биз айрим масалалар бўйича туман ёки шаҳар прокуратураларидан маълумот олмоқчи бўлсак, улар бизга маълумот беришдан бош тортишади. Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан рухсат олмагунча маълумот беришмайди. Бунда журналист ва оддий одамларда қуйидагича таассурот уйғотади: уларнинг ё мустақил фикри йўқ ёки ниманидир нотўғри гапириб қўйишдан қўрқишади. Ўзбекистонда қонун устуворлигини назорат қилувчи катта органда биргина одам ёки биттагина бўлим гапириш ҳуқуқига, маълумот бериш ҳуқуқига эгами деган саволни уйғотади. Бу анчадан бери бизнинг фаолиятимизга тўсқинлик қилиб келяпти.

Ушбу саволга Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев қуйидагича жавоб берди:
— Мурожаат қилишнинг ўзига яраша қолиплари бор. Ҳақиқатдан бунда камчиликлар бўлган бўлиши мумкин, ҳеч ким буни инкор қилмайди. Мисол учун, ахборот олишда муаммолар бўлган. Давлат идоралари ва матбуот ўртасидаги узилишларни бартараф этиш этиш мақсадида қўйилган қадамлардан бири мана шу брифинг бўлади. Бугун сизларга намойиш этмоқчи бўлган веб-сайтимиз шу мақсадда янгиланмоқда. Айни пайтда уни тест режимида ишга тушириш ҳаракатини қилаяпмиз. Ўйлаймизки, веб-сайтимиз фойдаланувчилар билан қарши мулоқот [қайта алоқа («feedback») назарда тутилмоқда — «Xabar.uz»] масаласини юз фоиз ҳал қилади.
Мен сизга Бош прокуратура раҳбарияти аъзоси сифатида ҳамкасбларим номидан тўлиқ кафолат бераман — Ўзбекистон Республикасининг бугунги прокуратураси [матбуот учун — «Xabar.uz»] очиқ. Бир йил, ўн йил ва йиллар давомида қаердадир узилишлар бўлган бўлса, бунинг учун узр сўраймиз. Биз инкор қилмаймиз, қаердадир ҳақиқатан ҳам матбуот билан муносабатларда ёпиқлик бўлган бўлиши мумкин. Лекин шу бугунги кеча-кундузда давлатимиз раҳбари талаб қиляпти, халқ талаб қиляпти, халқимиз ҳар куни янгиликлар олишга интилаяпти. Биз маълумот бермасликка ҳаққимиз йўқ. Сабаби биз ҳам шу янгиликлар ичида яшаяпмиз, биз ҳам шу халқнинг бир қисмимиз. Халқнинг манфаати бизнинг манфаатимиз.
Умумий қилиб айтганда, ўтган ишга кўп қайтарвермасдан биргаликда олдинга борайлик, биргаликда шу халқнинг хизматини қилайлик. Бу борада Бош прокуратура раҳбарияти номидан юз фоиз кафолат берамиз, бундан кейин ҳеч қанақа узилишлар бўлмайди. Прокуратуранинг қуйи босқичи бўладими, Бош прокуратура бўладими, сизнинг [яъни оммавий ахборот воситаларининг — «Xabar.uz»] мурожаатингизни этика қоидалари асосида тезкор кўриб чиқиб, қониқарли жавоб беришнинг барча чораларини кўрамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter