Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Польша меҳнат бозори ўзбекистонликлар учун осонлашиши мумкин

Польша меҳнат бозори ўзбекистонликлар учун осонлашиши мумкин

Польша Ўзбекистонни мамлакат меҳнат бозорига кириш осонлаштирилган давлатлар рўйхатига киритиши мумкин.

Бу борада Польшанинг Кельце шаҳрида бўлиб ўтган Мева ишлаб чиқарувчилар иқтисодий форумида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) делегациясининг Польша ишбилармон доиралари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида гап борган.

«Дунё» АА берган хабарга кўра,Польшадаги меҳнат бозори муаммоларига бағишланган алоҳида сессияда Ўзбекистон делегацияси раҳбари – ТММА халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Жаҳонгир Рустамов маъруза қилди.

Йиғилганлар Ўзбекистон меҳнат бозорининг бой салоҳияти, ТММА фаолияти, хавфсиз, ташкилий ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича танишдилар.  

Тадбир давомида польшалик тадбиркорлар мамлакатлар ёшларининг Германия, Франция, Буюк Британия каби давлатларга кўп кетаётгани сабабли ишчи кучи етишмаслигини, бу эса тайёр ҳосилни йиғиб ололмаслик билан боғлиқ катта йўқотишларга сабаб бўлаётганини таъкидладилар.

Польша Боғбонлар уюшмаси раиси Витольд Пекарник Ўзбекистондан келган ишчилар ҳақида ижобий фикр билдирди. Шу билан бирга, виза олишда тўсиқлар мавжудлиги, бу мигрантларнинг Польшага келишини сезиларли даражада қийинлаштираётгани қайд этилди.

Боровка плантациялари уюшмаси раиси Бартломей Милчарек қишлоқ хўжалиги ишлари учун минг нафар ишчи етишмаслиги маълум қилди. У ушбу ўринларга Ўзбекистон фуқароларини қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

Муҳокамалар натижасида ТММА ва Боровка плантациялари уюшмаси ўртасида ўзаро Англашув меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, Боғбонлар уюшмаси томонидан Польша парламентига Ўзбекистонни мамлакат меҳнат бозорига кириш осонлаштирилган давлатлар рўйхатига киритиш бўйича тегишли мурожаат йўллаши тўғрисида келишиб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг