«Пойи Калон» мажмуаси олдида беҳаё рақсга тушган йигит ва қиз жавобгарликка тортилди

Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган муқаддас қадамжолардан бири бўлган «Пойи Калон» мажмуаси (Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси) олдида беҳаё суратга тушган йигит ва қиз жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг июль ойи ўрталарида 2004 йилда Ғиждувон туманида туғилган, туманнинг «Зарангари» маҳалласида рўйхатда турувчи, Бухоро шаҳар А.Сомий кўчасида вақтинча ижарада яшовчи Э.M. исмли аёл ўзининг таниши 2004 йилда Когон туманида туғилган, ҳозирда Самарқанд темир йўл техникуми 1-босқич талабаси, Когон тумани «Тараққиёт» маҳалласида яшовчи А.А. исмли йигит билан Бухоро шаҳрининг тарихий қисмидаги «Пойи Калон» мажмуасига тахминан соат 05:00 ларда келиб, турли беўхшов қилиқлар қилиб, бошқа бир «Ҳ.» исмли танишининг қўл телефонида видеога тушган. Шундан сўнг видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳар иккала фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жавобгарликка тортилди ва «Ҳ.» исмли фуқаронинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
«Ҳолатни видеога олиб ижтимоий тармоққа чиқариб юборган Ҳ. нинг шахсига аниқлик киритилиб, қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади», дейилган хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter