Пойтахтда 9 ойда пиёдалар иштирокида 539 та ЙТҲ қайд этилган

Тошкент шаҳар ИИББ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи Рафиқжон Жалилов пойтахт аҳолисига мурожаат билан чиқиб, йўл ҳаракати иштирокчиларини қоидаларга қатъий риоя этиш ва ҳушёрликка чақирган.
“Манзилларга хавфсиз етиб бориш ҳар биримиздан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишни талаб этади. Бугунги кунда давлатимиз томонидан пиёдалар ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилишига қарамасдан, йўлларда ҳанузгача оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда", дейилади мурожаатда.
Жалиловнинг таъкидлашича, 2023 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳрида 539 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, шуларда 566 нафар пиёда турли тан жароҳатлари олган. Пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти махсус белгиланмаган жойлардан ва светофорнинг тақиқланган чироғида ўтиш пайтида содир бўлган.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларнинг автоҳалокатларга лоқайдлиги, йўллардаги ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият анча аянчли аҳволда эканини танқид қилганди ҳамда 2024 йил бу борада жиддий ўзгаришлар йили бўлиши айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январ-август ойларида 5 772 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, уларда 1 415 киши ҳалок бўлган, яна 5 448 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Ушбу даврда қайд этилган 9 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидалари 161 мингдан ортиғи пиёдалар ҳиссасига тўғри келади.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаровга кўра, 2021 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда назоратсиз пиёдалар ўтиш жойларида 2 784 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, улардан 1007 таси қоронғуда содир бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter