Президент хом мевани экспортга чиқараётган «чаққон» савдогарларни танқид қилди

Давлат раҳбари халқаро вазият кун сайин ўзгариб бораётгани, йилдан-йилга такрорланаётган об-ҳаво инжиқликлари, «аномал иссиқ» ва «аномал совуқ» деган тушунчалар одатий ҳолга айланиб улгурганига эътибор қаратди.
Бундай қалтис шароитда ҳар бир экспорт бозори мамлакат учун ўта муҳимлиги, керак бўлса, бу – иқтисодий хавфсизликнинг устувор йўналишларидан бири экани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис соҳа масъуллари ва ҳокимлар об-ҳавони баҳона қилавермасдан, шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиши зарурлиги қайд этилди.
Ўтган 6 ойда озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион доллар бўлди. Экспорт географияси 16 та давлатга кўпайди.
Шу билан бирга, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортининг суръати бўйича қолган ҳудудлардан ортда қолаяпти. Навоий вилояти эса ўтган йилги кўрсаткичларига ҳам чиқа олмади.
Ушбу ҳудудлар ва уларга Ҳукуматдан бириктирилган вакиллар бу борадаги ишларини фаоллаштириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Экспорт 21 та туманда ўтган йилга нисбатан 70 фоизга ҳам етмагани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бу туманларда 80 минг гектар пахта ва ғалла экилмайдиган майдон, яна 55 минг гектар томорқа ери бор.
Ушбу 21 та туман ҳокимига вилоят ҳокимлари билан биргаликда бу борада ўзгариш қилиш бўйича аниқ режаларни тузиш топширилди.
«Маҳсулотларимиз сифатли ва ширин бўлгани учун ташқи бозорларда «Ўзбекистонда етиштирилган» бренди шаклланган», - деди давлат раҳбари.
Лекин, айрим «чаққон» савдогарлар ҳаммадан олдин қимматроқ сотишни кўзлаб, хом мевани экспортга чиқараётгани танқид қилинди. Оқибатда хориждаги савдо тармоқлари минглаб тонна Ўзбекистон маҳсулотини хом ҳолатда етказиб берилгани учун қабул қилмаган.
Натижада Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотлар ташқи бозорда ўз ўрнини йўқотиши мумкинлиги қатъий кўрсатиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter