Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қишки мавсумда бухороликлар: метан «заправка»лар, кўмир, газ ва электр

Қишки мавсумда бухороликлар: метан «заправка»лар, кўмир, газ ва электр

Бугун автомобилларга газ тўлдириш компрессор шахобчаларида  навбат кутиб, турнақатор турган автомашиналар олдидан бефарқ ўтиб кета олмайсиз. Ҳайдовчиларнинг совуқ ҳавода туни билан бундай шохобчалардаги навбатларда қолиб кетишаётгани ҳам бор гап.

«Xabar.uz» мухбири Бухоро аҳолисининг айрим вакиллари билан қишки мавсумдаги тайёргарлик ва бугунги муаммолари тўғрисида, мутасаддилар билан эса уларнинг ечимлари ҳақида суҳбатлашди.

«Тонгги соат 03:30 ларда навбат олгандим. Мана, соат 09:32. Соат 10:00 да метан «заправка»ни ёпади. Навбатимгача ҳали, камида 200 та машина бор. Мен яна бир кеча-кундузни ўтказишим керак навбатимни кутиб. Ҳавонинг совуқлигини-ку, айтмай қўя қолай. Шу кеча йўл четида олов ёқиб, исинишга мажбур бўлдик. Бу оворагарчиликлар ортидан навбат келса ҳам майли эди. Аксига ишга ҳам кечикдим», – дейди Ромитан туманидаги Миришкор қишлоғи фуқароси Одилбек Ҳасанов.

Иккинчи суҳбатдош эса навбат тиғизлашиб, метан газ «камёб»га айланиб бораётган бўлса ҳам унинг нархи ўзгаришсиз қолаётгани, яъни 2 600 сўм эвазига сотилаётгани, бироқ айни пайтда, қиммат бўлса ҳам сотиб олишга тайёр бўлаётганини, касалхонада отаси оғир аҳволда ётганини билдирган.

«Об-ҳавонинг кескин пасайиб кетгани боис, табиий газ метан «заправка»лардан «тортилиб», аҳолига етказиб берилиши чоралари кўрилаётгани айтилганди. Айрим ҳудудларда табиий газ босими тушиб кетгани ҳам айтиляпти. Айрим жойларда эса одамлар аллақачон кўмир ва ўтин билан уй иситишга ўтган», – дейди Бухоро шаҳрида яшовчи Миржалол Тоҳиров.

«Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда бўлган кейинги суҳбатдош метан газ шохобчаларидаги танқислик сабаб йўналишли таксилар нархи ҳам кескин ошиб кетганини айтади.

«7 минг сўмлик масофали манзилга етиб бориш нархини такси ҳайдовчилари 20-25 минг сўмга кўтаришди. Табиийки, заправкаларда навбатнинг охири кўринмаса ҳам нархи оширилмади. Таксичиларнинг вақтдан унумли фойдаланиб олишга уринишаётгани хафа қилади одамни. Ахир бу танқислик вақтинча бўлса...

Синовли вазиятларда сабрингни синаётганлардан ранжийсан-да, одам», – дейди Ашура Бобоева.

«Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали директори Ўткир Файзиевнинг сўзига кўра, ҳақиқатан ҳам ушбу синовли давр одамларни анча ташвишга солиб қўйган. Бироқ, шу қисқа вақт ичида қатор ишлар ҳам амалга оширилди.

«Бугунги кунда Бухоро вилоятида 74 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари мавжуд. Энг қийин вазиятлардаям вилоятдаги бирорта шохобчада хизмат тўхтатилмади. Фақат хизмат кўрсатиш вақтлари маълум соатларга қисқартирилди, холос. Аввалига соат 06:дан 10:00гача хизмат кўрсатган бўлса, жорий йилнинг 9 декабридан бошлаб икки соатга, соат 06:дан 12:00 гача узайтирилди. Бу, албатта, тизимда вақтинча юзага келган носозликларнинг босқичма-босқич бартараф этилгани билан боғлиқ», – дейди Ўткир Файзиев.

Ўткир Файзиевнинг билдиришича, ушбу вақт мобайнида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан газ тўлдириш шохобчалари қувватини ошириш мақсадида 6 дона газ қуйиш калонкалари, 3 дона компрессор ва 3 дона газ ҳайдаш насослари ажратилган ва барча ускуналар ўрнатилиб, қайта фойдаланишга топширилган.

«Истеъмолчиларга масъул ходимлар томонидан 2022-2023 куз-қиш мавсумида сифатли суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида маиший газ баллонлардаги оғир қолдиқлар тўкиб олинди. Ва уларни сақлаш учун қўшимча 4 дона оғир қолдиқ сақлаш сиғимлари келтирилиб, газ тўлдириш шохобчаларига ўрнатилди. Ушбу ускуналарнинг ишга туширилиши билан суюлтирилган газни сиғимларга тўкиб олишда сарфланадиган вақт қисқартирилди. Бунинг натижасида эса истеъмолчиларга белгиланган муддатларда суюлтирилган газ етказиб берилишига эришилмоқда», – деди «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали директори.

Бухоро метан газ «заправка»ларидаги узилишларда 21 ва 29 км газ қувурларининг реконструкция қилингани ҳам сабаб қилиб кўрсатилган. Маълум бўлишича, 507,5 км газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилган, бўёқланган. Тасдиқланган режадан ташқари, 9,423 км газ қувурлари таъмирланиб, 806 дона газ маромлаш пунктлари эса демонтаж қилинган.

«Бу билан эса вилоятдаги 94 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 40 635 та хонадонда табиий газ таъминотининг яхшиланишига эришилади. Шунингдек, 15 та маҳалланинг жами 7,6 км газ тармоқлари таъмирланиб, 20 дона газ тақсимлаш қурилмалари тўла техник тафтишдан ўтказилди. Вилоят бўйича жами 19 км.дан ортиқ газ қувурларини реконструкция қилиш ишлари белгиланган. Амалда эса 22 км.га яқини реконструкция қилинди. Жумладан, Бухоро шаҳри, Бухоро, Жондор, Когон, Қоровулбозор ва Олот туманларида қилинган саъй-ҳаракатлар бугун истеъмолчиларга муаммосиз табиий газнинг етказиб берилиши учун муҳим омил ҳисобланади», – дейди Ўткир Файзиев.

Ромитан тумангаз таъминоти филиали бўлим бошлиғи Азиз Расуловга кўра, энди вилоят марказидан салкам 300 км олисда жойлашган Гугуртли ва Қизилравот овули аҳолиси ҳамда мавжуд ижтимоий объектлар ҳам газ баллони билан таъминланади.

«Ҳар 30-35 кунда газ баллонлари тарқатилади. Куни кеча умумий ҳисобда 2 160 литр суюлтирилган газга тўлдирилган 109 дона маиший газ баллонлари етказиб берилди», – деди Азиз Расулов.

«Исиндим оловингга, кўр бўлдим тутунингга... »

Қиш фасли кириб келиши билан, аксарият аҳоли ўртасида уйларни иситиш учун қўлбола печларда кўмир билан ёки электр билан муаммолар урчиди. Бу айниқса, қишлоқ аҳолиси учун қийинчилик туғдиради. Ва бу борада шикоят, ариза ва мурожаатлар сони ошиб кетади.

«Cовуқ тушди, дегунча, ташвишимиз ортади. Қишбўйи тезак ёқиб, етти жон бир хонада кун ўтказишимизга тўғри келади. Томорқадаги анча-мунча дарахтларни тараша қилиб, ёқиб бўлганимизга икки-уч йил бўлди. Бир зумда ёниб тугайдиган кўмирдан эса печлар ёқиб, унинг тафтидан кун бўйи фойдаланиб бўлмаса. Ёзда таъмирдан чиққан уйларимиз қишда азбаройи тутунлар заҳмидан қорайиб, бир аҳволга келиб қолади. Электр печлардан фойдаланмоқчи бўлсак, электр энергияси таъминоти ҳам ўзига яраша», – дейди қоракўллик Ислом ота Ибрагимов.

Суюлтирилган газга мослашмаган манзиллар аҳолиси қиш чилласи учун тайёргарликни иссиқ кунлардан бошлашади. Ёзбўйи таппи ёпиб, қишда тезак ёқишади. Етмаганига кўмирдан фойдаланишади. Фуқароларнинг сўзига кўра,  «Д» маркали Қозоғистон кўмирлари «Б» маркали Ангрен кўмирларидан жуда фарқли. 1 тонна Ангрен кўмир ёқилғиси 3 млн 300 минг сўмга тенг, Қозоғистон кўмири эса 10 млн 700 минг сўм нархда сотилмоқда. Ўз-ўзидан Ангрен кўмирига эҳтиёж баланд. Бироқ, фуқаролар сифати паст бўлса-да, бу кўмир ёқилғисини арзонлиги боис, харид қилишга мажбур бўлишаётганини билдирган.

«Кўмирнинг иссиқ оловида исинсак-да, аччиқ тутунидан кўзларимиз кўр бўлаёзади! Энг қизиғи, сотиб олаётган кўмирларимизнинг ярми кукун. «Тележка»ларда келтиришса, таниш-билишчилик қилиб билганлар кўмирнинг олди сифатлироқларидан харид қилишга улгуришади. Йўқса, кўмирнинг кукунига қараб қолаверасан, киши», – дейди Жондор туманининг Дўққи қишлоғида яшовчи Саттор Мираков.

«Кўмир таъминот» МЧЖ Бухоро вилоят филиали раҳбари Улуғбек Казимов эса аҳолига кўмир маҳсулотларини вақтида узилишларсиз, сифатли даражада етказиб бериш бўйича аниқ чора тадбирлар ишлаб чиқилганини билдирди.

«Филиалнинг Когон, Вобкент, Ғиждувон, Жондор, Қоракўл ва Олот каби 6 та омборхоналари орқали ижтимоий соҳа объектларига ва аҳолига кўмир маҳсулотларини сотиш ташкил этилган. 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун филиал томонидан 53 299,0 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, жорий мавсум давомида 38 000,0 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотларини етказиб бериш кўзда тутилган бўлиб, ўтган йил (23000,0 тонна)га нисбатан 161 фоизга оширилишига эришилди. Ҳозирги кунда 27 656 тонна маҳаллий кўмир олиб келиниб, 24 069 тоннаси аҳолига сотилди. Кўмир омборларидаги захираси 3 587 тоннадан ортиқроқни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолига сотиш учун 7 151 тонна импорт кўмир маҳсулотлари олиб келиниб, 4 951 тоннаси аҳоли томонидан сотиб олинди», – дейди Улуғбек Казимов.

Билдирилишича, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам 6000 нафарга яқин кам таъминланган хонандонларга «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3 200,0 тонна кўмир маҳсулотлари бепул тарқатилган.

«Кўмир-ку, бор, чироқ-чи... »

Қиш мавсумида электр чироқлари ўчиб турмайдиган жойлар жуда кам. Бу неъматдан фойдаланиб, ҳам хонани  ёритиш, ҳам иситиш ва ҳатто, овқат ҳам пишириш мумкин. Бу ишлар электр энергиясидан фойдаланиб, бажариладиган минг турли ишлардан фақат айримлари, холос. Айтиш ўринлики, кўмир ёқилғиси ёхуд табиий газ баллонларининг кўпминг сонли аҳолига етказилишидаги юқоридаги сингари ҳолатлар ўз-ўзидан электр энергиясига бўлган эҳтиёжни янада оширади.  Ваҳоланки, электр энергияси ҳар бир аҳоли манзилига етиб борган.

«Газ ёнмаса ёнмасин, аммо электр бўлмаса, қишда одамлар аҳволи чатоқ бўлади», – дейди аҳоли.

Тўғри, ҳозир қишлоқ аҳолисининг қарийб учдан бирида генератор бор. Аммо, унга ҳар куни бензин етказиб бўладими?! Агар ҳар икки куннинг бирида бир литр бензин сарфланса ҳам бу қишлоқ аҳолиси чўнтагига зиён эмасми?!

«Жуда кўп манзиллар суюлтирилган газга мослаштирилган. Шунингдек, кўмир бор, етарлича. Электр энергияси эса жуда кўп  ўчирилади. 95 ёшдаман, болам, арз қилсак, кексайиб қолганга чиқаришади. Ҳеч бўлмаса, шу чироқ, дегани ўчирилмаса», – дейди қўрғонтепалик Малик бобо Пўлотов.

«Бухоро вилоят электр таъминоти» акционерлик жамияти раҳбари ўринбосарига мурожаат қилганимизда: «Электр энергиясида таъминотида ҳудудидан қатъий назар, бир кунда фақатгина 2 соатгача ўчириб қўйилиши мумкин. Вилоятнинг барча манзиллари бир кунда  22 соат электр энергияси билан тўлиқ таъминланади», – деган жавобни олдик.

Мавзуга қайтамиз.

Лайло ҲАЙИТОВА

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг