Реновация – аҳоли сони тез ўсиб бораётган шароитда энг мақбул ечим

Президент ҳузурида масъуллар реновация жараёнлари бўйича ахборот берди. Давлатимиз раҳбари аҳолини муносиб турар-жой билан таъминлаш, халқона айтганда “ватанли қилиш” масаласига доим алоҳида эътибор қаратиб келади.
Хусусан, 2024 йил 18 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида сўзлаган нутқида ҳам «Реновация тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш кераклигини таъкидлаган эди. Бу қонуннинг қабул қилиниши 20 минг гектар ер майдонини тежаб, 4,5 миллион аҳолини уй-жой билан таъминлаш имконини беради.
Сўнгги 8 йил ичида мамлакатимиз шаҳар-у қишлоқларида қурилиш, ободонлаштириш ишлари жадаллашди. Ушбу даврда Ўзбекистон аҳолиси 6 миллионга кўпайиб, 37 миллиондан ошди, ярим миллионга яқин хонадонлар барпо этилди. Яқин йилларда эса аҳоли сони 40 миллионга етиши кутилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, шундай ўсиш суръатларида йилига 140-150 минг хонадонга талаб пайдо бўлади. Бу эса ҳар йили қўшимча 2 минг гектар ер керак дегани. Лекин биламизки, ер ресурси, майдонлари чекланган.
2024 йилда 100 минг хонадондан иборат кўп қаватли уй қурилган бўлса, бу йил 130 мингдан ортиқ хонадон қуриш режа қилинган.
Албатта, бундай вазиятда дунё тажрибасидан келиб чиқиб, реновация дастурини амалга ошириш энг мақбул ечимлардан ҳисобланади.
Маълумот учун: Реновация — бу структуранинг яхлитлигини бузмаган ҳолда уни яхшилаш, қайта қуриш ва тиклаш жараёни. Бу атама одатда қурилиш соҳасига нисбатан қўлланилади.
Ҳозирда республикада 2-3 қаватли 17 мингта эски уйлар мавжуд. Улардаги шарт-шароит бугунги замон талабларига мос эмас. Инфратузилма, яъни электр, газ, сув ва бошқаси эскирган, аксариятида оқова тармоғи мавжуд эмас.
Ушбу уйларнинг ўрнига давр талабларига жавоб берадиган, замонавий турар-жойлар қурилса, ҳозиргидан 3 баробар кўп аҳоли жойлашиш имконияти пайдо бўлади. Асосийси, аҳолимиз қулай шарт-шароитлар ва инфратузилмага эга жойларда яшайди.
Шу мақсадларни кўзлаб хориж тажрибаси асосида “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Бўлиб ўтган тақдимотда реновация тизимининг ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий томонлари кўриб чиқилди.
Реновация дастурлари 3 босқичда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда:
Аввал, шаҳар ва туманларда реновацияга мос ҳудуд танланиб, лойиҳа ишлаб чиқилади. Мулкдорларга янги уй ёки компенсациялар таклиф қилинади. Барча мулкдорлар билан келишувлар яккама-якка, нотариал тартибда тасдиқланади. Лойиҳалар учун ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади.
Иккинчи босқичда реновация дастури ҳудудий ва республика кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, қурилиш ташкилоти аниқланади.
Учинчи босқичда уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилади.
Реновацияга тушган ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ошиши шубҳасиз. Чунки янги уйларнинг пастки қаватларида савдо, хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқаришлар бўлади. Шунингдек, бу тизим орқали 20 минг гектар ер тежалиши ҳисоб-китоб қилинганлиги таъкидланди.
Хусусан, биринчи босқичда реновация асосида 20 минг хонадон қурилиши мўлжалланган.
Хорижий тажрибага мурожаат қилсак, Россия, Буюк Британия, Франция, Испания, Италия, Германия, Полша, Жанубий Корея, Япония, Сингапур давлатлари қонунчилик тизимида реновацияни ҳуқуқий тартибга солишга оид бўйича ҳужжатлар мавжуд. Уларда шу асосда ишлаб чиқилган дастурларга кўра, эскирган уй-жойларни қайта тиклаш, қуриш, модернизация қилиш ишлари амалга оширилади.
Пекин, Бразилия, Европа давлатлари, Буюк Британия, Германия, Чехия ва бошқа кўплаб давлатлар шаҳарларининг биз кўриб турган қиёфаси реновация дастурлари асосида шаклланган.
Реновация дастурларини амалга оширишда давр ва замон талабларини тўғри тушунган ҳолда ҳудудлар имкониятларини инобатга олиб, тизимли ёндашиш зарур. Ушбу дастурларни амалга оширишдан мақсад аҳолини муносиб турар-жойлар билан таъминлаш, ҳудудлар иқтисодий салоҳияти ва имкониятларини ошириш ҳисобланади.
Анваржон Миркомилов,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter