Телеграмдаги букмекерлик хизматлари рекламаси бўйича огоҳлантириш берилди

Рақобат қўмитаси Telegram мессенжерида букмекерлик хизматларини реклама қилиш ҳолатлари кўпайганини маълум қилди.
Қайд этилишича, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ва Telegram мессенжерида ташкил қилинган гуруҳ ва каналларда букмекерлик хизматларини реклама қилиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Бунда, букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи шахслар ахборот технологияларидан кенг фойдаланиб, ўзининг шахсини яшириб ёки бошқа ном билан ушбу ҳаракатларни содир этмоқда.
Бироқ, бу каби ҳолатлар ўрганилганда, букмекерлик хизматларини тарғиб қилаётган электрон ресурслар субъектларини, масъул шахсларини, Telegram канал эгасини ва бошқа маълумотларни аниқлаш имконсиз бўлмоқда.
Қўмитага кўра, ахборот ресурсларини юритувчи шахсларга ваколат доирасида аниқлик киритиш ҳамда тегишли чоралар кўриш юзасидан маълумотлар Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказига тақдим этилади.
Маълумот учун, «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 46-моддасига кўра, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter