Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент халқаро кинофестивали якунида «Энг яхшилар» тақдирланди

Тошкент халқаро кинофестивали якунида «Энг яхшилар» тақдирланди

Кеча, 2 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги «Боқий шаҳар» мажмуасида «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Ёпилиш маросимидан аввал жаҳон ва Ўзбекистонга машҳур киноюлдузлар махсус ташкил этилган қизил йўлакдан ўтди. Тадбирда 400 га яқин киноижодкорлар, актёр ва актрисалар, режиссёр ва кинооператорлар, продюсер ва кинотанқидчилар, киношунос олимлар иштирок этди.


Тантанали маросимда франциялик машҳур актёр, ўзбек томошабинларига «Такси» филмидаги роли билан таниш бўлган Сами Насери, «Етти», «Американча гўзаллик» фильмлари билан машҳур бўлган америкалик Кевин Спейси ҳам қатнашди. Тадбир Спейсининг нутқи билан бошланди.

Шундан сўнг, қатнашчилар учун Самарқанд шаҳри ҳақида тайёрланган видео намойиш этилди. Шунингдек, «Матонат» ҳужжатли филми режиссёри Шуҳрат Маҳмудов ва «Самарқандда қовун таровати» кинокартинаси режиссёри Али Ҳамроевлар тақдирланди.

Кейин эса Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқди ва барчани омадли ўтказилган яна бир фестивал билан табриклади. Тадбир давомида Жаҳон киноси ривожига қўшган ҳиссаси учун режиссёрлар россиялик Александр Сокуров, грузиялик Ираклий Квирикадзе ва италиялик Пиетро Марчеллолар тақдирланди.

Маросим якунида Марказий Осиё фильмлари танлови ғолиблари эълон қилинди.

Унга кўра, Тожикистоннинг «Фортуна» филми Фестивал дирекциясининг махсус совринига, қозоғистонлик режиссёр Максим Акбаровнинг «Саҳро» кинокартинаси эса энг яхши дебют номинацияларига лойиқ кўрилди. Энг яхши актёр Дастан Айбек («Шувоқ ҳиди»), энг яхши актриса Талаайкан Абазова («Эсимда»), энг яхши режиссёр эса Дархон Тулегенов («Ака-укалар») деб топилди. Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти Адилхан Эржановнинг «Адемоканинг сабоғи» филмига насиб этди. Энг яхши филм номинациясида ўзбекистонлик режиссёр Шокир Холиқовнинг «Якшанба» филми ғолиб бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг