Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда қарийб 250 кишини 12 млрд сўмга «ухлатган»лар судланди

Тошкентда қарийб 250 кишини 12 млрд сўмга «ухлатган»лар судланди

Тошкентда фуқароларга автомобиль ваъда қилиб, уларнинг 12 млрд сўм пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган шахсларга суд ҳукми ўқилди.

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисида айтилишича, улар фуқароларга автотранспорт воситаларини кредит эвазига олиб беришни ваъда қилиб, тўловларни олгандан сўнг ном-нишонсиз йўқолиб қолган. Айрим мижозлар икки ҳафта муддат учун берган пулларини икки йилдан бери ололмай сарсон бўлган.

«Бизга 2 ҳафтада машина тайёрлаб берамиз, дея ваъда берган эди. Мана орадан 2 йил ўтди. Ҳеч биримиз ҳеч қандай машина олганимиз йўқ», – дейди жабрланувчи.

Мижозлар, асосан Cobalt, Nexia 3, Jentra, Malibu ва Isuzu русумли автомобиллар учун тўлов қилишган.

Терговда аниқланишича, «UzAvtoPremium» ва «AvtoAloGroup» номлари остида фирмалар ташкил мазкур шахслар бошланғич тўлов сифатида банклар орқали қабул қилиб олинган жами 12 млрд сўм пулларни МЧЖнинг корпоратив картаси орқали нақдлаштириб олишган.

Ҳолат юзасидан судланувчиларга Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а,в» бандилари, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а,б» бандлари ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этган 29 ёшли йигит 9 йил 6 ой, 26 ёшли йигит 9 йил ва Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а,в» бандлари, 228-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари, 243-моддаси ва 277-моддаси (безорилик) 2-қисми «а,б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этган 27 ёшли йигит 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

30 ёшли судланувчи қиз эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «в» банди ва 228-моддаси 2-қисми «а,б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг