«Тошкентда шов-шувли воқеа»: жамоат фаоллари мутасаддиларга «ваъдага вафо»ни эслатмоқда

2022 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида илк болалар ҳосписи очилганди.
Тошкент шаҳрида тайин тураржойга эга бўлмаган кекса аёл билан боғлиқ ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
7 март куни Телеграмдаги бир қатор каналларда саратондан азият чекаётган аёлни Тошкентдаги бирор бир шифохона қабул қилмаётгани ҳақида хабар тарқалди.
«Тошкентда шов-шувли воқеа: тез ёрдам беморни 4 соат бўйлаб шифохонама-шифохона судраб, охири подъездда ташлаб кетди. Маҳалла нозирлари ҳам ҳайратда: «тез ёрдам» ходимлари жон ҳолатда ётган беморни шунчаки кўчага улоқтиришди! Энг қўрқинчлиси – улар: «Барибир ўлади, ҳеч ким уни қабул қилмайди» деб бемалол кетиб қолишган...
Маълум бўлишича, бирорта шифохона ҳам ракнинг сўнгги босқичида ётган беморни қабул қилмаган. Тез ёрдам эса умид билан кутган одамни тақдир ихтиёрига ташлаб кетган», – деб ёзди «Militsiya Uzb» канали.
Тармоқдаги танқидий муносабатлардан кейин Республика тез тиббий ёрдам маркази баёнот берди.
«Фуқаро М.Б. (1953 йилда туғилган, уйи ва аниқ яшаш манзили йўқ) номига 2025 йил 23 февралдан бошлаб тез тиббий ёрдам хизматига бир неча маротоба мурожаатлар қайд қилинган ва ҳар сафар унга тиббий хизматлар кўрсатилган», – дейилади баёнотда.
72 ёшли беморнинг тайин яшаш жойи йўқлиги сабаб биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг у чақирув манзилларига қайтариб юборилган.
Республика тез тиббий ёрдам маркази баёнотидан англашилишича, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ва жамоатчиликнинг талаби ортидан бемор аёл Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиалига ётқизилган.
Доимий яшаш жойига эга бўлмаган беморнинг шифохоналарга қабул қилинмаслиги Ўзбекистонда кўпдан буён муҳокама этиб келинаётган долзарб масала – ҳоспислар барпо этиш муаммосини кун тартибига қайтарди.
Маълумот ўрнида, ҳоспис – тузалмас хасталиклар, хусусан, саратонга чалинган беморларга касалликнинг охирги босқичида паллиатив ёрдам кўрсатувчи тиббий-ижтимоий муассасадир. Яъни ҳоспис беморга умрининг сўнгги кунларида оғриқ ва азоб-уқубатларни камайтиришга кўмак кўрсатади.
Ўзбекистон президентининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида вилоят онкология муассасалари тузилмасида паллиатив ёрдам бериш бўйича бўлимлар, шунингдек, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида тўртта минтақалараро ҳоспислар ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Жамоат фаоллари қарорда белгиланган ҳоспислар тўлиқ очилмаганини айтиб келади. Сўнгги ҳодисадан кейин бу масалага янада кенгроқ эътибор қаратилмоқда.
«Инсондек яшамаган инсон ҳеч бўлмаса инсондек ўлишини таъминлаш шунчалар оғир вазифами? Келинг, шу аёлнинг ўрнига соғлиқни сақлаш вазирини қўйиб кўрайлик. Келинг, тажриба учун вазирни «скорий»га ўтқазиб, бир ҳафта судраб, сарсон қилиб кўрайлик. Ёки ҳокимни ёки онкологик марказларни сотиб пул қилиш режа қилган бошқа бир валломат вазирни. Шунда англашар, балки?
Тошкентда ҳоспис қуриш ваъда қилинганидан буён қасам урган олигархлар неча марта янги самолёт сотиб олди? Қул-касофат шотирлар нечта сарой қуришди?
Бўпти, ҳоспис қуришга 1,5 млн доллар топилмаётган экан, биронта бинони вақтинча топширса бўлармиди?» – деб ёзди иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров.
Янги Конституциянинг биринчи моддасида Ўзбекистон «ижтимоий давлат» экани алоҳида қайд этилган.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаевга кўра, ижтимоий мақомдаги давлат ҳар қандай аҳволдаги фуқаролари учун барча ижтимоий хизматларни ташкил этиб қўйиши керак.
“Саратонга чалинган аёл билан боғлиқ ҳолат ҳам «ижтимоий давлат», масалан, қайсидир ебтўймас(лар)га миллиардлаб, триллионлаб сўмлик имтиёзларни беришдан аввал, воз кечилаётган бу пуллар аслида шу каби беморларнинг ҳаётини енгиллаштириши мумкин бўлган ҳоспислар қурилишини тезлаштиришини ўйлаши кераклигини кўрсатади... Агар ҳозир ўша, аввал ваъда қилинган бир неча ҳоспис қурилиб, ишлатиб қўйилганида эди, бу аёлнинг куни ҳам «инсоний» соғлиқни сақлаш тизимимизга қолмасди», – деб ҳисоблайди Муҳрим Аъзамхўжаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter